«Онамдан эрта айрилдим, уруш йилларида улғайдим. Меҳрга ташналик, очлик, асл қийинчилик нима – барини эрта туйдим. Бу мени қалам тутиб, кечинмаларимни қоғозга туширишга ундади, – дейди ёзувчи, шоир, публицист Асад Асил. Қийинчилик инсонни ҳам руҳан, ҳам жисмонан тоблайди ва матонатини чиниқтиради. Айниқса, ижодкорни дард улғайтиради. Қаҳрамонимиз ҳам ана шундай тақдирни яшаб, қўлига қалам тутган. Биз бугун ёзувчини суҳбатга чорладик.
МАЪЛУМОТ УЧУН: Асад Асил 1941 йил 14 июлда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Ҳондайлиқ қишлоғида таваллуд топган. Бўстонлиқ, Қибрай тумани газеталари, кейинчалик эса «Шарқ юлдузиʼʼ ва «Гулистон» журналлари таҳририятларида фаолият олиб борган. «Лочин», «Меҳрʼʼ, «Тоғликлар» номли қисса ва ҳикоялар тўпламлари, «Алқор, нега кўзинг тўла ёшʼʼ воқеий ҳикоялар ва бир қатор илмий қўлланмалар ва бадиий публицистик мақолалар тўпламлари муаллифи.
«15 ЁШИМДА...»
Инсоннинг хотира парчалари юрагидан, ёдидан буткул ўчиб кетмайди ва ҳар эслаганида ё сабоқ беради ё таскин. Бизнинг ёшлик давримиз яшаш жуда оғир пайтларга тўғри келган. Отам раҳматли айтардилар: «Уруш бошланганда бир ойлик чақалоқ эдинг. Чақалоқлигингда мен урушга кетганман. Душман танки оёғимни мажақлаб кетганидан кейин, қайтиб келганимда икки ёшга етиб қолгандинг... Мени зўрға танигансан...», деб эсларди.
Кейин бир оғир тасодиф билан онамиздан ҳам айрилиб қолганмиз... Мен 15 ёшда эдим ўшанда. Сизга айтсам, 41 йиллар қисмати жуда оғир бўлган. Мен бир достон ҳам ёзганман «Қирқ биринчи йиллар қисматиʼʼ деб номланган. Ўша йили биринчи марта қўлимга милтиқ тутдим. Ҳам тирикчилик, ҳам қизиқиш сабаб. Милтиқ дадамники эди, улар ҳам гоҳида овчилик билан шуғулланар эдилар. Бу ҳунарни ташлаганларидан кейин ҳунарни мен давом эттирдим. 30-40 йилча овчилик қилдим. асосан, қушлар, чўл ҳайвонларини овлаш ёқар эди менга.
Бу орада астойдил ўқиганимиз учун педагогика институтининг Педагогика факультетига ўқишга кириб олгандим. Буни қаранг-ки, Тошкент шаҳарида ё Тошкент вилоятида яшаган ёшларга стипендия ҳам, ётоқхона ҳам берилмас экан. Ана ундан кейин ўқишимни сиртқига ўтказишга мажбур бўлганман. 60-70 чақиримли қишлоқдан қатнаб ўқиб бўлмас эдида. Шундай қилиб, излана–излана, сиртқи ўқишнинг иккинчи курсига қабул қилиндим. Шу ерда умрйўлдошим билан танишдим. Тақдиримиз шунақа ажойиб кечган. Умр йўлида битта нарсани йўқотмаганлигимдан хурсанд бўламан – ҳақиқатгўйлик, ёлғондан қочиш, меҳнат қилишни.
Ёшликда Худойберди Тўхтабоев билан бирга ишлаганмиз. Улар айтганларидек, асар катта бўлгани билан одамни таъсирлантирмаса, у асар эмас. Мен кўп ёзмайман, лекин кам ёзсам ҳам шу жиҳатга қаттиқ эътибор бераман. Кўпроқ табиатни, жониворларни тасвирлашга ҳаракат қиламан асарларимда...
«БИРИНЧИ МАРТА ҚОПҚОНГА ТУШГАН ҲАЙВОНГА РАҲМИМ КEЛДИʼʼ
Мен ҳаётни ўрганиш учун ҳеч нимадан қайтмаганман. Қишлоқми, шаҳарми, тоғми, чўлми, қандай жойлар бўлмасин, ўша ерларда мен гувоҳи бўлган воқеаларни тасвирлашга интилганман. Ана шундай ҳаётий воқеалар асосида «Алқор, нега кўзинг тўла ёш?» деб номланган асарим яралган. Унда ҳикоялар ҳам, хотиралар ҳам, публицистик материаллар ҳам бор. Ҳаётий воқеаларни очиқ айтиш биз учун қийин бўлган. Чунки қийин нарсани юзага чиқиши қийин бўлади. Шу сабаб танқидийроқ руҳда ёзилган ушбу китобимни кам нусхада чоп этганмиз, ҳозир ўзимда бир дона қолган. Ўзим қайта нашр қилдиролмаганман, балки авлодларимиз келгусида қайта нашр қилдирар...
Экожурналист табиатни ҳимоя қилади, овчи эса аксинча, деб ҳайрон қолишингиз мумкин. Менга бу борада кўпчилик савол билан мурожаат қилган. Овчиликни ташлаганимдан сўнг экожурналистикага жиддий қарай бошладим. Бунга бир воқеа сабаб бўлган. Кунлардан бир кун қопқонимга тулки боласи тушиб қолди. Югуриб бориб қараган эдим мўлтираб қараб турган тулкичанинг кўзида беихтиёр боламни кўзини кўргандай сесканиб кетдим. Тулки боласи жуда кичикина эди ва жони оғриётгани билинарди. Биринчи марта қопқонга тушган ҳайвонга раҳмим келди ва қопқондан озод қилиб, қўйиб юбордим. Уйга борсам ўз боламнинг мазаси бўлмай, аяси шифохонага олиб кетаётган экан... Боламнинг кўзларида беихтиёр тулки боласининг мўлтираб қарагани кўз олдимга келди. Шу воқеа сабаб бўлиб милтиғимни синдириб ташлаганман ва жониворларни, табиатни муҳофаза қилишга қаттиқ бел боғлаганман.
«ЭКОЖУРНАЛИСТ БЎЛИШИМГА ЯШАЁТГАН ҲУДУДИМ САБАБ БЎЛГАН»
Ижодда асосий танлаган мавзуимдан биттаси – экология. Мен мақолаларни очиқ-ойдин жуда қатъият билан, бор ҳақиқат билан ёзишга ҳаракат қиламан. Бу борада "Алқор нега кўзинг тўла ёшʼʼ қисман экология билан ҳам боғлиқ экани ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Ҳамма энг яхши китобингиз шу экан, дейди. Аслида муаллиф учун ҳамма асари бирдай, фарзанддай гап. Лекин бу бўлак қатъиятлар, бўлак хотиралар билан ёзилган. Ҳатто Бўстонлиққа бағишланган «Тақдиринг кимларга қолди?» деб номланган шеърим айрим раҳбарларнинг эътирозига ҳам сабаб бўлган. Унда сувга турли чиқиндилар ташланиши, одамлар булоқ суви деб узоқлардан келиб ичадиган сувда кир ювиши, ювиниши каби кўнгилсиз ҳолатларни қаттиқ танқид қилганим сабаб. Экология деганимиз аввало атроф-муҳит муҳофазаси дегани. Табиат бизнинг ҳаётимиз. Ўзимиз ҳам шу табиатнинг бир бўлагимиз.
Бир нарса муҳим, ёзувчи, журналистлар ҳаётнинг ичида бўлиши керак. Чекка-чекка ҳудудларга эринмай бориб, халқни, табиатни кузатиб бориши лозим. Одамлар миясидаги чиройли нарсаларни гапириб беради. Ҳақиқий ижодкор бу халқнинг ўзи аслида. Масалан, Носир Фозиловнинг бир асарида икки деҳқон суҳбатини ўқиган эдим. Сўзма-сўз ёдимда йўғу, мазмуни шундай эди: «Бизнинг ерлар барибир зўр, оёғингни шудгорга суқиб ўтирсанг, қулоғингдан барг ўсиб чиқади...»
Қаранг, деҳқондан чиққан гап шу. Шуларни ёзиш учун ҳам экожурналистлар, табиат ёзувчилари керак. Бу учун халқни ичида эринмай юриш лозим.
«ОДАМЛАР БУТУН ОДАМ БЎЛИШИ КEРАК»
Бизнинг Бўстонлиқда Сидқий Хандалиқий исмли маърифатпарвар жадид ёзувчи яшаб ўтган. 19 ёшида озодликни куйловчи шеърлар, ўша замоннинг нохолис, халқни ўйламайдиган бойларни танқид қилувчи шеърлар ёзгани учун 20 га кирмай водийга қувғин қилинган ва 3 йил қувғинда юрган. У инсон вафотидан кейин 100 йиллигида илк китобини нашр қилишга эришдик. Мен шу инсоннинг ижодини илмий жиҳатдан ўрганиб, келгусида яхши бир илмий рисола яратиш ниятидаман. Сидқийнинг бир ўгитини айтаман сизга. "Одам 3 хил бўлар, – дейди у: – ярим одам, бутун одам ва одам ҳисобида бўлмаган одам. Бутун одам улдир-ки, ўз аҳлига, касбу корига машғул бўлиб, киришур ва тиришур. Ярим одам улдир-ки, бир ишнинг хизматидан чиқа олмас, лекин ўзганинг далолати билан киришур ва тиришур. Одам сифатида бўлмаган одам эса на унисининг, на бунисинг уддасидан чиқар. Улар текинхўрлар, дангасалар, ялқовлар жамоаси эрур-ки, таъма бирла кечадур. Одамлар бутун одам бўлиши керак".
Юлдуз ЎРМОНОВА
оққа туширди