Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Овчилик гувоҳномасини олиш учун махсус ўқув курсини ўқиш талаби жорий қилинмоқда
17:42 / 2026-02-02

“Бугун овчилик кун кўриш учун эмас, балки кўнгилхушлик учун қилинадиган ишга айланган. Шундай экан, кўнгилхушлик арзон эмас, қиммат бўлиши лозим” — Экофракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республикада ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.  

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда соҳага оид муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган бўлиб, ов қилиш тартиб-таомилларини аниқ белгилаш, овчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва уларнинг табиий кўпайиши учун қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутади.

[gallery-27433]

Қонун лойиҳаси билан “Қурол тўғрисида”ги ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Жумладан, ов қилиш овчилик хўжаликларига бириктириб берилган жойларда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Овчилик гувоҳномаси 18 ёшга тўлган, овчилик бўйича махсус ўқув курсини ўқиган фуқароларга 2 йил муддатга берилиши назарда тутилмоқда. Овчилик гувоҳномасини муддатидан олдин бекор қилиш гувоҳнома эгасининг аризаси, вафот этиши, муомалага лаёқатсиз деб топилиши ва суд қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.  

Шунингдек, овчилик хўжаликлари ерлари ижара асосида, аукцион орқали 49 йил муддатга берилиши назарда тутилмоқда.  

Экопартия депутатлари қонун лойиҳаси партия дастурий вазифаларига ҳамоҳанг эканлигини таъкидлаб, бир қатор савол ва таклифларни ўртага ташлади. Хусусан, фракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, табиатга дам бериш масаласига алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб бораётган ҳайвонларни тутишга илмий мақсадлардан ташқари барча ҳолларда мораторий жорий этиш зарурлигини таъкидлади.  

Шунингдек, партия етакчиси ов қилиш муддатини ҳайвонларнинг урчиш вақтидан ташқари йил давомида белгилашга оид нормага қаршилик билдирди. Унинг фикрича, урчишдан ташқари кўпайиш, боласини вояга етказиш вақтида ҳам ҳайвонларни овлаш уларнинг камайиб кетишига олиб келади. Шунинг учун лойиҳага “урчиш ва кўпайиш вақти” деб киритишни таклиф қилди.  

—  Бугун овчилик кун кўриш учун эмас, балки кўнгилхушлик учун қилинадиган ишга айланган. Шундай экан, кўнгилхушлик арзон бўлмаслиги керак, қиммат бўлиши лозим. Яъни, ов қилиш учун рухсатнома олишни қимматлаштириш керак, — деди Экофракция раҳбари Абдушукур Ҳамзаев.  

Фракция аъзоси Дилдора Камолова лойиҳадаги нормалар чет эл фуқаролари учун ҳам амал қиладими-йўқми, деган саволни ўртага ташлади. Шунингдек, Қизил китобга киритилган ҳайвонларни отганлик учун жарималарни ошириш, ногиронлиги бор ва пенсионер овчиларга имтиёз бериш масаласини лойиҳадан чиқариб ташлаш таклифларини билдирди.  

Экофракция аъзолари қизғин муҳокамаларда қонун лойиҳасининг долзарблигини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватлади.

Муҳтарама Комилова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА