Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ов қилиш фақат овчилик хўжаликларига бириктирилган жойлардагина амалга оширилади
13:40 / 2026-02-03

Бугунги кунда мамлакатимизда 37 та ов хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларда ов қилиш тартибларига тўлиқ амал қилинмаяпти. Айрим ҳолларда ов йўлланмалари муддатидан ўтганига қарамай, қонунга хилоф равишда ов қилиш ишлари давом эттирилаётган ҳолатлар учрамоқда.

Бу борада хорижий тажрибалар ўрганилганда, ов қилиш маълум белгиланган ҳудудлардагина амалга оширилиши, айрим давлатларда эса овчилик билан шуғулланадиган овчилар махсус ўқув курсини тугатиши шарти мавжудлиги маълум бўлди.  

Шундан келиб чиқиб, овчилик соҳасидаги миллий қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда. Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши Миллий қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов батафсил маълумот берди.  

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси ов қилиш ва овчилар тайёрлаш тартибини тизимлаштириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни сақлаш ва кўпайтириш, ов туризми инфратузилмасини ривожлантириш, ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва уларнинг табиий кўпайиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.  

Қонун лойиҳасида ов қилиш жараёнлари шаффофлигини оширишга қаратилган нормалар акс этмоқда. Шу билан бирга, овчилик йўлланмалари (ёввойи ҳайвонларни тутиш карточкалари)ни бериш махсус электрон дастур орқали амалга оширилиши, улар асосида мавсумий ёки бир марталик овни амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилиши кўзда тутилмоқда.  

Овчилик гувоҳномасини олиш учун махсус ўқув курсини ўқиш талаби жорий этилмоқда. Овчилик гувоҳномаси ов қилиш ҳуқуқини беради.  

Қонун лойиҳаси билан питомникларда етиштирилган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш жойларига қўйиб юбориш амалиёти қўллаб-қувватланиб, бундай ҳайвонлар ҳисобидан ов қилишни ташкил этишга рухсат берилиши белгиланмоқда. Мазкур ёндашув ов қилиш билан бир вақтда ёввойи ҳайвонлар захирасини тўлдириш имконини беради.

Бундан ташқари, ов қилиш фақат овчилик хўжаликларига бириктириб берилган ов қилиш жойларида амалга оширилиши белгиланмоқда. Ов қилиш қоидалари ва жойларини белгилаш Экология миллий қўмитаси ваколатига берилмоқда.  

Бу тартиблар ов қилиш устидан назоратни кучайтириш ҳамда ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш ва уларнинг табиий захирасини асрашга хизмат қилади. Шунингдек, ов қилишни режалаштириш, рухсат этилган ҳудудлар ва муддатларни белгилашда ягона тизим асосида иш юритиш назарда тутилмоқда.

Қизил китобга киритилган ҳайвонларни табиий муҳитдан ажратиб олиш муддатлари Фанлар академияси хулосасига кўра амалга оширилади.  

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, овчилик маданиятини ошириш ҳамда табиатни асрашга хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА