Тарихимизнинг ўқилмаган саҳифалари
Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида совет салтанатининг олиб борган қатағон сиёсати, унинг фожиали оқибатлари ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларини ҳам четлаб ўтмаган. Ўзбекистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари, хусусан, прокуратура органларида турли вазифаларда ишлаган юзлаб кишилар ҳам қатағон даврининг тайзиқларига учраб, сургун қилинди, қамалди ёки ўлим жазосига ҳукм этилди.
Мамлакатимизда прокуратура ва суд тизимида фаолият кўрсатган ва советлар томонидан қатағон қилинган инсонлар, уларнинг фожеали тақдирлари чуқур ўрганилмаган, ўрганиш ва тадқиқот ишлари зарур даражада олиб борилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишига асосан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошевнинг тегишли фармойиши билан Ватанимиз истиқлоли, халқимиз озодлиги йўлида мардона кураш олиб бориб, мустабид тузум даврида қатағон қилинган прокуратура органлари ходимлари хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёт йўллари ва фаолиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар эътиборига асосли ҳамда тўлақонли етказиш мақсадида қатағон қилинган шахсларга оид архив ҳужжатлари, уларнинг тақдирини ўрганиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган ва республика Ишчи гуруҳи тузилган эди.
Жумладан, Ишчи гуруҳининг Андижон вилояти бўйича соҳа ходимлари, олимлар ва тадқиқотчилардан иборат таркиби тасдиқланиб, улар томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, қатағон сиёсатининг қурбонларидан бири бўлган Наманган шаҳар прокурори вазифасида ишлаган Абдувоси Юсуповнинг фаолияти, тақдирига оид архив ҳужжатлари ўрганилди, унинг авлодлари билан суҳбатлар ўтказилиб, жуда кўп маълумотлар йиғилди. Ана шу маълумотлар асосида профессор Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мақола тайёрланиб, кенг жамоатчиликка етказилди.
– Ўша даврда қатағон билан боғлиқ жараёнлар шунчалик оммавий тус олган эдики, кўплаб зиёлилар, диндорлар, партия раҳбарлари ноҳақ қамалди ёки отиб ташланди, – дейди Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси музейи” директори, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов. – Ҳатто суриштирувлар ҳам юзаки ўтказилган, шахси аниқ бўлмаган кишилар томонидан ёзилган бўҳтон хатларга асосланиб ҳукмлар чиқарилиб, инсон ҳуқуқи, шаъни, қадр-қиммати топталган. Биргина 1938 йилнинг 4 октябридан 15 октябрига қадар Тошкентда бўлиб ўтган СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегиясининг сайёр сессияларида 507 нафар ўзбекистонлик қатағон қилиниб, уларнинг аксарияти ўша кунларнинг ўзидаёқ отиб юборилган.
Абдувоси Юсупов 1900 йили Наманган шаҳрида шойи тўқувчи ҳунарманд оиласида туғилган. Дастлаб маълумотни эски мактабда олган. У 1918 -1920 йилларда Наманган уезд-шаҳар милициясида иш юритувчи бўлиб ишлаш билан бирга, шаҳардаги 4- сон совет рус мактабида таҳсил олган. 1920-1922 йиллари уезд-шаҳар милицияси ташкилий ахборот бўлими мудири, 1923-1924 йилларда Наманганда саводсизликни тугатиш фавқулодда комиссияси мудири, 1925-1927 йилларда Наманган шаҳридаги 3- сон ёғ заводи директори ёрдамчиси, 1927-1928 йиллари сиёсий маориф мудири, 1928-1930 йиллари район пахта союзи идораси раисининг ўринбосари, 1930-1933 йиллари Наманган шаҳар партия комитетида инструктор ва ташкилий бўлим мудири ўринбосари, 1934 йиллари Ойим райони партия комитети ташкилий бўлим мудири, 1934-1935 йиллари Балиқчи район партия комитети секретари ўринбосари, 1935 йили Янгиқўрғондаги МТС директори ўринбосари, 1935 йил 15 мартдан Наманган шаҳар ер бўлими мудири, 1936 йил 19 июндан Наманган шаҳар прокурори вазифасида ишлаган. Ўзбек ва рус тилларини мукаммал билган.
Унинг фаолиятига оид архив ҳужжатларида қайд этилишича, Абдувоси Юсупов ўзига ва бошқаларга нисбатан талабчан, виждон амрига қарши бормайдиган, ҳалол, пок раҳбарлардан бири бўлган. Юқори партия органлари буни эътиборга олиб, уни партия ишида эмас, прокуратура тизимида ишлаши учун тавсия берган. У Наманган шаҳар прокурори бўлиб ишга тайинланган. Аммо кўп ўтмай қатағон домига тортилган.
1937 йил 24 апрелида ЎзССР махсус бўлим бошлиғи ўринбосари Кухаренко Наманган шаҳрида прокурор Юсупов Абдувосини қамоққа олиш тўғрисида махфий ҳужжатни имзолаган. Унда Абдувоси Юсупов “Миллий иттиҳод” аксилинқилобий, миллатчи ташкилот аъзоси сифатида Наманган шаҳар партия комитетининг собиқ секретари Эрматов ва бошқалар томонидан фош этилгани қайт этилган.
СССР Олий суди ҳарбий коллегияси сайёр сессиясининг 1938 йил 14 октябрдаги йиғилишида Абдувоси Юсупов олий жазо – отувга ҳукм этилади. Ҳарбий коллегиянинг Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссари, давлат хавфсизлиги майори Д.Апрессянга йўллаган фармойишида ҳарбий коллегиянинг сайёр сессиясида олий жазо – отувга ҳукм этилган 36 нафар махбусга нисбатан тайинланган ҳукмнинг зудлик билан ижросини таъминлаш кўрсатилади.
Ҳукм ижроси бўйича тузилган далолатномада Абдувоси Юсуповга нисбатан чиқарилган ҳукм ижроси вақтида давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Шишкин, ишчи деҳқон қизил армияси бош ҳарбий прокурори ёрдамчиси Шульцан иштирок этганлига қайд этилган.
Абдувоси Юсуповнинг вафотидан кейин турмуш ўртоғи Ёқутхон Юсупова фарзандларини қариндошлари кўмагида ёлғиз тарбиялаб вояга етказади.
Қатағон қурбони А. Юсуповнинг авлодлари ҳозир Андижон шаҳрида истиқомат қилишади. Ана шу машъум қатағон йилларида унинг етим қолган ўғли Рустамжон Юсуповнинг кейинги ҳаётини хавф-хатарлардан сақлаш учун қариндошлари уни ўзларининг фамилияларига ўтказиб олишган. Ҳозир тўқсон ёшни қоралаб қолган Рустам ота фарзанд ва набиралари ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида қатағон қурбони бўлган прокуратура органлари ходимларининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, улар билан боғлиқ тарихий ҳақиқатни юзага чиқариш борасидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири