ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой тумани ҳақида гап кетганда “Беш қалъанинг бири”, дея таъриф берилади. Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, ўзига хос тарихга эга Чимбойда қорақалпоқ халқининг қадимий урф-одатлари, ҳунармандчилик ва амалий санъатини сақлаб, ривожлантириб, келгуси авлодларга етказиш билан шуғулланиб келаётган моҳир усталар кўпчиликни ташкил қилади.
Қорақалпоқ халқ миллий ўтови, яъни, қора уй ясовчи Азамат Турекеев ана шундай уста ҳунармандларнинг учинчи авлод вакили. У “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси аъзоси. Уста томонидан яратилган миллий ва замонавий услубдаги ўтовлар нафақат юртимизда, балки Марказий Осиёда ҳам жуда машҳур.
[gallery-26438]
Азамат Турекеев Президент соврини учун ўтказилган “Ташаббус” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакат босқичларида бир нечта маротаба совриндор ҳамда номинация ғолиби бўлган. Шунингдек, юртимизда ва хорижда ўтказилган халқаро кўргазма ва фестивалларда муваффақиятли иштирок этган.
У ҳунармандчилик анъаналарини давом эттириш, йўқолиб бораётган ҳунар турларини тиклаш ва ривожлантириш мақсадида “Уста-шогирд” мактаби фаолиятини йўлга қўйган. Бундан ташқари, Оролбўйи ҳудудига сайёҳларни кенг жалб қилиш ниятида махсус ҳунармандчилик устахонаси ва музей ташкил қилган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА