French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОТМларга академик мустақиллик берилмоқда, аммо унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарур
14:33 / 2024-03-15

Сўнгги пайтларда “олий таълим ташкилотларига академик мустақиллик берилди” деган жумлани тез-тез эшитяпмиз. Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди. Олий таълим тизимининг халқаро стандартлар асосида фаолият юритиши – уни маъмурий бошқаришдан тортиб то ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот жараёнини ташкил этишда академик эркинликка эга бўлишини тақозо этади.

Академик эркинлик олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятининг ривожланишига, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга, ушбу соҳага ташқи аралашувни чеклашга хизмат қилади. Шундай экан, давлат олий таълим ташкилотларининг академик мустақиллигини таъминлаш масаласига оид қонунчиликни ҳам такомиллаштириш зарур. Чунки академик эркинлик берилган олий таълим муассасаларининг айрим ваколатлари “Таълим тўғрисида”ги қонунда акс этмаган.

Айни масалалар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Давлат олий таълим ташкилотларининг академик мустақиллигини таъминлашнинг қонунчилик асослари” мавзусидаги семинарда қизғин муҳокама қилинди.  

Тадбирда таъкидланганидек, 2023 йилда олий таълим ташкилотлари сони 213 тага етди (116 таси давлат, 67 таси нодавлат, 30 таси хорижий ОТМ филиаллари). ОТМнинг академик мустақиллигини таъминлаш таълим сифатининг ўсиши, илмий-тадқиқот ишларининг ривожланиши, таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграцияси, халқаро илмий-тадқиқот алоқаларнинг кучайиши, соғлом рақобат муҳити яратилишига катта имконият яратади.  

Академик мустақиллик берилган олий таълим муассасалари ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини касбий стандартлар асосида тасдиқлаш, таълим тилини ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим олиш шаклини ҳамда бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқиш давомийлиги муддатларини белгилаш ваколатига эга. Шунингдек, докторантурада тўлов-контракт асосида ўқиш қийматини белгилаш, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан грант ажратиш орқали докторантурага танлов асосида квотага қўшимча равишда қабул қилиш, докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш, таълим сифатини ички назорат қилиш механизмларини белгилаш ва жорий этиш каби ваколатларга ҳам эга.

Аммо таҳлилларга кўра, бундай ваколатлар “Таълим тўғрисида”ги қонунда акс этмаган. Семинарда айтиб ўтилганидек, айни кунларда давлат олий таълим ташкилотларининг академик мустақиллигини таъминлаш масаласига оид қонунчиликни такомиллаштириш Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан чуқур таҳлил қилинмоқда. Мазкур семинарда ҳам иштирокчилар олий таълим ташкилотларининг академик ва молиявий мустақиллигига оид нормаларни “Таълим тўғрисида”ги қонунга киритиш таклифини берди.  

Семинарда шунингдек, таълим ташкилотларини халқаро аккредитациядан ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, маъмурий ислоҳотлар доирасида ижро этувчи ҳокимият органлари тизимида бўлган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда таълим тизимини бошқариш органлари ваколатларини қайта кўриб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА