Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОТМларда дарс вақтларининг ўзгартирилгани метродаги тирбандликларга қай даражада таъсир кўрсатди? (+видео)
16:25 / 2023-02-02

Юртимизда аҳолининг узоғини яқин, харажати ва вақтини тежашда жамоат транспорти қулай восита, муҳим хизмат ҳисобланади. Мамлакатимиз бўйича жамоат транспортидан кунига 10 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланади. Бу борада пойтахт аҳолиси учун қаҳратон қишнинг совуқ, қор-ёмғирли кунларида иссиқ, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида салқингина бўлган метро хизмати энг қулай, тезкор, бехавотир ва хавфсиз ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, Тошкент метрополитенида 2022 йилнинг бир кунида ўртача 374,6 минг нафар йўловчи ташилган. Бу кўрсаткич 2021 йил билан солиштирилганда 34,4 фоизга кўп. Демак, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг метро хизматидан фойдаланиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Буни кундалик ҳаётида метродан фойдаланаётган ҳар бир йўловчи ўз кўзи билан кўриб, гувоҳи бўлаётир. Айниқса, таълим муассасаларидаги ўқиш даврида ўқувчи ва талабаларнинг метродан мунтазам фойдаланиши натижасида йўловчиларнинг ҳаракати янада кўпайиб, тирбандликлар ҳосил бўлади.

Метрода аҳоли тирбандликларининг олдини олиш мақсадида метро бекатларига яқин ҳудудларда жойлашган айрим таълим муассасаларида дарс жараёнларининг бошланиш вақти ўзгартирилган эди. Ушбу амалётни жорий этишдан кўзланган асосий мақсад эса эрталабки тиғиз вақтларда метро йўловчиларининг ҳаракатини имкон қадар тақсимлаш, талабаларнинг дарс машғулотларига ўз вақтида етиб боришини таъминлашдан иборат.

Хўш, бу жараён ўзини қай даражада оқлаяпти? Метро бекатларида тирбандлик ҳолати бироз бўлса-да бартараф этилдими? Бу борада йўловчиларнинг фикрлари билан қизиқдик.

“Эрталабга нисбатан тирбандликлар камаймоқда. Кутиб қолишлар камайди, интервал оралиғи қисқа. Мана, кўриб турганингиздек, 1-2 минутда кейинги поезд келяпти. Анча ўзгариш бўлди”.

“Метрода одам кўп, тирбандлик бўлади. Лекин аввалгиларга нисбатан тирбандлик ҳолатлари бироз камайган. Поездлар тез-тез келяпти”.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GUSjIXVHsoo" title="Метро" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

“Ишга соат 9 да етиб боришим керак, бунинг учун соат 8 бўлмасдан уйдан чиқиб, метрога тушар эдим. Ҳозир 8:30ларда чиқсам ҳам бемалол етиб боряпман. Интервали қисқа, тез келяпти, узоқ қолиб кетмаймиз”.

“Эрталабки тиқилинч, тиғиз пайтда биз талабаларга қийин бўларди. Дарс вақтларининг ўзгартирилгани яхши бўлди. Ҳозир унчалик тирбанд бўлмайди, поездлар ҳам 1,5-2 минутда келади, кутиб қолмаймиз”.

Дарҳақиқат, “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонаси матбуот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаев ҳам метро бекатларида тирбандликлар сезиларли даражада камайганини таъкидлади.

— Жорий йил 23 январь санасидан барча ОТМда ўқув машғулотлари бошланганидан сўнг ҳафта давомидаги кузатувларимиз натижасида шуни кўриш мумкинки, метро бекатларида тирбандликлар сезиларли даражада камаймоқда, — дейди “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонаси матбуот хизмати раҳбари Тўйчи Мирзаев. — Буни биргина “Чилонзор” метро бекати мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Яъни, илгари Сергели ерусти метро йўлидан келадиган ҳаракат таркибига бекатдаги 70-80 фоиз йўловчилар чиқа олишмас эди ва кейинги келувчи таркибни кутишарди. Ҳозир эса 80-85 фоиз йўловчилар поездга чиқиб, кўзлаган манзилларига боришмоқда.

Шунингдек, тиғиз вақтларда метро йўловчиларини манзилларига ўз вақтида етказиш мақсадида поездлар ҳаракати орасидаги интерваллар ҳам қисқартирилди. Жумладан, эрталабки тиғиз вақтларда “Чилонзор” йўналишида 1,5-2 дақиқалик, “Ўзбекистон” йўналишида 3-4 дақиқалик ҳамда “Юнусобод” йўналишида эса 6-7 дақиқалик интервалда поездлар ҳаракатланмоқда. Ушбу жараённи бекатларга ўрнатилган соатлардан ҳам кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, “Чилонзор” йўналишида “Олмазор” бекатидан захира поездлари ҳам йўлга қўйилмоқда. Йўловчилар учун яратилган яна бир қулайликлардан бири 5 вагонли 4 та поездларнинг йўналишлар бўйлаб ҳаракатлана бошлаганидир. 5 вагондан иборат поездлар сонини йил якунига қадар 12 тага етказиш режалаштирилмоқда, — дейди Тўйчи Мирзаев.

Тошкент метрополитенида амалга оширилаётган бу каби ўзгаришлар ҳам вақт интервалларига, ҳам тирбандликларнинг камайишига замин яратади. Бу эса аҳолининг сифатли, қулай ва тезкор жамоат транспорти хизматидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.

Муҳтарама Комилова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА