Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтмишнинг уйғоқ нигоҳи
14:36 / 2024-04-17

Инсоният тамаддуни бешиги бўлмиш ушбу табуррук заминимизда узоқ ўтмишни ўзида мужассам этган, неча асрларга тенгдош биною иморатларнинг гўзаллиги, миллий қадриятларимизнинг асл намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки бўлган тарихий обидалар ва қадамжоларни авайлаб асрашга алоҳида эътибор бериб келинади. Асрлар давомида жаҳон аҳлини лол қолдириб келаётган нодир ва бетакрор иншоотларни ўрганиш, муҳофаза қилиш, она табиатни асл ҳолида сақлаб қолиш ва уни келажак авлод қўлига бекаму-кўст етказиш муҳим вазифалардан биридир.

18 апрель куни бутун дунёда “Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни” сифатида нишонланади. Тарихга назар солсак, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси 1978 йилдан буён амал қилиб келаётган бўлса, айни пайтда ушбу рўйхатда инсоният цивилизациясидан дарак бериб тургувчи 1150 дан ортиқ объект бор. Ўзбекистон Республикаси 1993 йилда БМТнинг илм, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти ЮНЕСКОга аъзо бўлди. Ўшандан буён мамлакатимиз Бутунжаҳон моддий ва номоддий маданият меросини ўрганиш объектига айланди.   

Тўртта меъморий мажмуа – Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари, шунингдек, Угам-Чотқол миллий боғи,  бундан ташқари, Ўзбекистоннинг номоддий маданий мерос обидалари сифатида Наврўз байрами, “Шашмақом” халқ қўшиқлари, “Катта ашула” анъанавий қўшиқлари, Аския санъати, Бойсун маданий макони, Хоразм “Лазги”си, миллий палов, атлас, адрас ва миниатюра санъати ЮНЕСКО рўйхатига киритилди. 

Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Тошкент – 2000 йиллик тарихга эга бўлган қадимий маскан, Ўзбекистон тарихидаги учинчи пойтахтдир. Шаҳар араб босқинига қадар турк ва суғд маданиятининг таъсири кучли бўлган стратегик ҳудудлардан бири. Шўролар замонида пойтахтимиз мажбурий депортация ва катта демографик ўсишларни бошдан кечиргани ҳаммамизга маълум. Тошкент собиқ Иттифоқдаги тўртинчи йирик шаҳар (Москва, Ленинград, Киев, Тошкент) ҳисобланган.

Форс ҳукмдори Шопур томонидан миллоддан аввалги 262 йилда “Чоч” дея қайд этилган. Шунингдек, тарихчи олимлар томонидан “Шош”, “Шошкент”, “Мадинат аш-Шош”, “Бинкат” ва “Таркан” номлари ҳам қўлланилган. 

Тошкент тарихда бўлгани каби бугун ҳам ўз кўрку таровати билан бутун дунё аҳлини ўзига чорлаб туради. Бунга унинг шонли тарихи ва замон билан ҳамнафаслиги, яъни ўтмиш ва замонавийликнинг уйғунлашиб кетгани ҳам сабабдир. Тошкент бошқа тарихий шаҳарларга нисбатан қадимий ёдгорликларга бой бўлмаса-да, юртимизга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ ўз саёҳатини, аввало, Тошкентдан бошлайди.

Тошкентга ҳар йили дунёнинг турли нуқталаридан минглаб сайёҳлар келади. Улар бу қутлуғ заминда тарих билан юзлашадилар. Инсониятнинг асрлар оша яшаб келаётган эзгу тутумлари, маданияти ва қадриятларига гувоҳ бўлиб, уларнинг моҳиятида ётган умумбашарийлик, боқийлик сирларини англашга уринадилар. Ислом дини пешволари, алломалари, азиз-авлиёлари босган тупроқни, қўлларининг қайноқ тафти қолган масжиду минораларни, руҳлари кезиб юрган манзилларни зиёрат қилишга ошиқадилар. 

Тошкентга дунё халқлари эътиборининг кучайиб бораётгани бу қадимий маконда туризм индустриясини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигидан далолат. Мутахассислар, Ўзбекистонда ички туризмни ривожлантириш учун барча шароит мавжуд, чунки зиёратчилар, биринчи навбатда, осойишталик, поклик ва ободликка қарайди. Юртимиздаги қадимий шаҳарларимизда улуғ авлиёлар хоки ётган муқаддас манзиллар кўп, сайёҳлик замонавий иқтисодиётнинг истиқболли тармоғи эканини алоҳида таъкидлайдилар. Бошқа соҳалар равнақи хом ашё, ишчи кучи, маблағ ва яна кўплаб ресурсларни доимий талаб этса, туризм учун замонавий талабларга мос, мукаммал ишловчи инфратузилма бўлиши кифоя: мевали дарахт мисоли узоқ йиллар наф келтиради. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларида ана шу жиҳатларга эътибор қаратмоқдалар. Туризмни ҳар тамонлама ислоҳ этиш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилиняпти. Уларга мувофиқ, мамлакатимизда сайёҳлик саноати субъектлари фаолияти учун қулай шароитлар яратилмоқда, соҳа равнақи йўлидаги тўсиқлар олиб ташланиб, чет элликлар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартиблари, божхона назорати соддалаштирилди. Тармоқнинг янги салоҳиятли турлари, хусусан, зиёрат туризмини ривожлантиришга эътибор кучайтирилди. 

Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” китобини ўқиб, асарда улуғ шоир қаламга олган авлиёю салафлар орасида Хожаи Жаҳон ҳақидаги битиклар менда чуқур таассурот қолдирди. Ҳазрат Навоий “Аларнинг равиши тариқатда ҳужжатдур... Ҳар вақт намозда Каъбага борар эрдилар”, деб ёзади. Қаранг, ул зот шу қадар улуғликка эришганки, қилган ҳар бир иши тариқат йўлини тартибга солиб турган. Бухорога бориб у зотнинг қабрларини зиёрат қилиш истаги руҳимга тинчлик бермади. Шукрки, орзуим ушалди, Хожаи Жаҳонни зиёратига отландик.

Бухоро халқаро аэропортидан ушбу зиёратгоҳ томон бораркансиз, Президентимиз топшириғи билан ўрнатилган, “Хуш келибсиз, Баҳоуддин Нақшбанд юртига!  Wellcome to the homeland of Bahauddin Naqshband!” деб ёзиб қўйилган баннерга кўзингиз тушиб, кўнглингиз янада равшан тортади. Бундай баннерлар, қадамжо ва унинг соҳиби ҳақидаги маълумотлар, манзилни тўғри топиб боришга ёрдам берувчи белгилар зиёратчилар учун айни муддао.  

Зиёратгоҳга етиб борганимизда кун асрдан ошиб, уфқда офтобнинг заррин нурларидан қизил доғлар чизила бошлаганди. Атрофдаги бунёдкорлик ишларини бирма-бир эсдалик учун суратга олдим. У ердаги кўҳна меъморий обидаларни таъмирлаётган, янги объектларни қураётган усталар завқ ва шижоат билан ишларди. 

Амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан зиёратгоҳ  янада кўркамлашмоқда атрофдаги сўлим боғдан эсган майин шаббода, қанотларини кенг ёзиб, товланган товуслар, барқ уриб очилган ноёб гуллар зиёратдан ҳаловат топган дилингизни янада очиб юборади. Ҳар битик ҳамда нақшда инсонларга маънавий куч бергувчи, уларни тўғри йўлга бошлагувчи теран ифода ва мазмун бор. 

Азал-азалдан турли савдо йўллари, маданият ва цивилизациялар чорраҳаси, шарқ гавҳари, ер юзининг сайқали деган эътирофларни эшитганимизда беихтиёр севинамиз, шундай онда халқимизнинг буюк ўтмиши, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирувчи, келажак авлодларга мозийдан хабар берувчи археологик ёдгорликларни, тарихий ва маданий обидаларни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз эканини қалбдан ҳис қиламиз.

Асраш-авайлаш нафақат ўша тарихий обидани асл ҳусну-таровати ила сақлаш, балки унда ишлатилган турли меъморий ечимлардан, ноёб безаклардан замонавий архитектурада кенг фойдаланиш ҳам тушунилади. Бу орқали аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳияти нақадар кучли бўлганлигини, шубҳасиз ўша тарихий андозалар ҳозирги замонавий иншоотларимизга кўчиб, келажак авлодларга дастурил амал бўлиб хизмат қилса ажаб эмас. 

Ўзбекистонда асрлар юкини ўзида кўтариб келаётган кўҳна ва бетакрор мажмуалар, кўзларимизни қувонтирувчи композициялар, археологик обидаларимизни дунёга кўз-кўз қилишимиз, энг муҳими уларни халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг рўйхатига киритиш учун тарихчи-олимлар, археологлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан янада ҳамкорликни кучайтиришимиз лозимлигини англатади. 

Қадамжо зиёратчилар ва хорижий сайёҳлар билан гавжум. Қулоққа ўзимизнинг лаҳжадан тортиб, япон, турк, корейс, немис, француз, араб, испан сўзлар чалинади. Бунинг сира ажабланарли жойи йўқ. Негаки, Нақшбандия таълимоти замирида миллати, дини, тилидан қатъи назар, инсонни азиз билиш, одамлар ўртасига меҳр-шафқат, мурувват уруғини сочиш, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш, улар кўнглига эртанги кунга умид уйғотиш сингари олижаноб мақсадлар мужассамки, бу эзгу тушунчалар ҳар бир халқда юксак қадрланади. 

Буюк ва қадимий тарихга эга давлатлар қаторидан ўрин олган Ўзбекистонда олти мингга яқин ёдгорликлар, тарихий жойлар, археология мероси объектлари сақланиб қолган. 2018 йил 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “18 апрель – Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро кунини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Ватанимиз табиатининг бирор диққатга сазовор, ажойиб табиатли жойларини кўриш ва билиш бир томондан, инсон тафаккурини кенгайтириб географик ва тарихий билимларини оширса, иккинчи томондан, табиат ҳодисаларини яқиндан тушуниб олишга ёрдам беради, бу айниқса, ёш авлоднинг соғлом вояга етишига кўмаклашади. Шу билан бирга ёшлар жонажон она табиат компонентлари ва ресурслари билан яқиндан танишадилар ва уларда табиатга нисбатан тўғри муносабатда бўлиш, муҳофаза қилиш ҳиссиёти ҳам шаклланади. 

Қадимий ва бой тарихимизни ўрганиш, кенг оммага тарғиб этиш ёшларда қандай буюк зотларнинг, дунё илм-фани ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган не-не буюк алломалар, диний ва дунёвий илм эгалари, улуғ олим ва мутафаккирларнинг авлоди, бетакрор мерос вориси эканликларидан фахрланиш туйғуси кучайиб, маънавиятлари янада юксалишига хизмат қилади. 

Юртимизнинг қайси чеккасида бўлмасин юзлаб, балки минглаб тарихий обидалар ва табаррук масканлар борки, уларнинг ҳар бири бизга мозий қатларидан шивирлаётгандек, уларнинг ҳар бир бўлаги юртнинг буюк ўтмиши, бемисл маданий мероси ҳақида ҳикоя қилаётгандек ўзига ошуфта қилади.

Президентимиз раҳнамолигида бобокалонларимиз мангу қўним топган муқаддас манзилларни янада обод этиб, уларнинг мақбаралари қайта таъмирланиб, йўлакларига махсус тошлар ётқизилиб, ён-атрофи кўкаламзорлаштирилиб, юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар учун мазкур ҳудудларда меҳмонхонлар, оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш, маиший ва савдо мажмуалари, миллий ҳунармандчилик расталари, автотураргоҳлар, йўллар реконструкция қилиниб, транспорт-логистика, муҳандислик-коммуникация тармоқлари замон талаблари даражасида янгиланишда давом этмоқда. 

Сўнгги йиллар давомида қадимий обидаларни консервация ва реставрациялаш ишлари амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир. Натижада Шаҳрисабздаги Оқсарой, Дорут-тиловат, Дорус-саодат, Чорсу мажмуалари, Чубин, Абдушукур Оғолиқ мадрасалари, Молик Аждар, Қундузак масжидлари, Самарқанд дарвозаси, Қарши туманидаги Имом Мўъийн ан-Насафий, Ҳалвоний, Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар зиёратгоҳлари қайтадан чирой очди. Жорий йилда ҳам бундай хайрли ишлар изчил давом эттирилиши кўзда тутилган.

Қурувчи-усталарнинг таъкидлашича, қадимий обиларни ўз зийнатини сақлаган ҳолда реставрация қилишнинг масъулияти катта. Уларда аждодларимиз руҳи, фикрати мужассам. Шу боис бу иш одамдан нафақат чуқур билим ва салоҳият, балки юксак маънавий қувватни ҳам талаб этади.  Ахир, қадамжолар ўз мақоматига мос улуғвор бўлиши керак. Ҳар бир нақшнинг мазмун-моҳиятини асл ҳолича тиклай оладиган усталар сафи йиллар ўтиши билан камайиб бормоқда. Шундай имконият яратилсаки, қобилиятли, меҳр-муҳаббатли ёшларни ҳузуримизга чорласак, керак бўлса, уларни юртимиз бўйлаб юриб, излаб топиб, шогирдликка олсак, реставраторлар тайёрловчи махсус мактаб очилса-ку, нур устига нур бўларди. 

Жаҳон мероси рўйхатига кириш учун маданий дурдоналар ҳисобланган кўҳна обидаларимиз, асосан инсон қўли билан яратилган ёки табиат яратган ғорлар, кўллар, дарёлар ва шаршаралар, боғу-роғлар дейсизми, улар биринчи галда бирор-бир цивилизация учун ноёб ҳисобланиши, инсон ижодий даҳосининг асари, инсоният тарихидаги муҳим даврни акс эттирувчи архитектуранинг ажойиб намунаси бўлиши, муайян тарихий давр ёки маданий маконда умуминсоний қадриятларнинг ўзаро таъсирчанлиги каби мезонларга жавоб бериши керак.

Қадим тараққиёт жараёнида инсоният томонидан Миср эҳромлари, Тожмаҳал, Перудаги гигант ҳайкаллар, Туркиядаги ер ости шаҳарлари, Эйфель минораси сингари юзлаб улкан иншоотлар, ноёб меъморий ёдгорликлар бунёд этилганки, уларнинг қурилиш услуби, меъморий-муҳандислик жиҳатлари билан ҳали хануз ҳар қандай кишини ҳайратга солади. 

Ўзбекистонда жойлашган зиёратгоҳларни, қадамжоларни, қадимий тепаликларни, шифобахш булоқларини ўрганиш ҳамда асраб-авайлашга халқимиз эътибори, хусусан ёшларга маърифат, маънавият, имон-эътиқод ҳақидаги ўгитларни айтиб, “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин!” деган ҳикматни уларнинг онгу шуурига сингдириш, меҳр-оқибатли бўлишга, эзгу ишларнинг этагидан тутишга даъват этиш ва амалда намоён этишимиз Ватанга бўлган муҳаббатимизни оширади.

Мадина ЗУФАРОВА,

“RENAISSANCE” университети

Филология ва тилларни ўқитиш факультети талабаси,

ЎзА