9 октябрь куни Австралиянинг ғарбий қисмидаги Эсперанс шаҳри яқинидаги Уортон соҳилида Браунлар оиласи томонидан Биринчи жаҳон уруши даврида шишага солиб, денгизга улоқтирилган хат топилди. Браунлар қоғоз нам бўлишига қарамай, ёзувни аниқ ўқий олган. Шу боис топилма орқали ҳар икки аскарнинг авлодларига хабар берилган.
Хат эгаси – Харлининг набираси Энн Тернер топилмани “ҳақиқий мўъжиза” деб атади.
– Ишонолмаймиз, гўё бобом қабр тубидан бизга мурожаат қилгандек, – дейди у.
1916 йил 15 августда ёзилган ушбу мактуб 27 ёшли Мэлкольм Невилл ва 37 ёшли Уильям Харлига тегишли. Маълум бўлишича, ўшанда бу икки аскар “HMAT A70 Ballarat” кемасида Франция фронтига жўнаётган экан.
Нома сафар кайфияти, кемадаги кун тартибидан далолат беради. Невилл онаси Робертинага мурожаат қилиб, шундай ёзган:
– Ҳаммаси яхши, овқатлар мазали. Хурсандмиз. Кема тебраняпти, лекин Ларридек бахтлимиз.
Уильям эса “Шу хатни топган ҳам биз каби соғ-омон бўлсин”, дея тилак билдирган.
Мэлкольм бир йилдан кейин фронтда ҳалок бўлган. Харли эса икки марта яраланиб, урушдан тирик қайтган. Афсуски, 1934 йил Германияда газ ҳужуми оқибатида саратонга чалиниб, вафот этган.
Қирғоқдан топилган идиш ва шиша ичидаги хат маҳаллий музейга топширилди. Энди тарихий аҳамиятга молик экспонат сифатида намойиш этилади.
Д.Ҳакимов, ЎзА