Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтмиш ва келажакни боғлаган кўприк
15:28 / 2023-06-26

Навоий вилоятининг Нурота туманида фольклор жамоалари ўртасида “Нурли наволар” III халқаро фестивали бўлиб ўтди.

Республикамизнинг барча ҳудудларидан фольклор жамоалар иштирок этган тадбирда “Сўзана ва кашта” миллий ҳунармандчилик ярмаркаси, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказлари аъзолари иштирокида ижодий учрашув ва маҳорат дарслари ташкил этилди.  

[gallery-12501]

– Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – қадимий фольклор санъати билан ўтмиш маданий ёдгорликларимиз тарихининг ўзаро боғлиқлигини, узвийлиги ва улуғворлигини кенг тарғиб қилишдан иборат, – дейди Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов. – Шунингдек, анъана тусини олган мазкур фестивалда ёшларни аждодларимиздан мерос улкан маънавий хазинадан баҳраманд этиш, уларда миллий ғурур, Ватанга садоқат туйғуларини юксалтириш ҳам асосий вазифаларимиздан биридир. Кўриб турибсиз, бугунги тадбирда барча ёшдаги аҳоли вакилларини учратиш мумкин. Улар мумтоз мусиқамиз ва халқ қўшиқлари – фольклоримизга бефарқ эмас. Аксарият фольклор намуналарини ёддан билишади. Иштирокчиларга қўшилиб бирга ижро этмоқда. Ҳамоҳангликда рақсларга тушмоқда.  

Анжуман дастури доирасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган фольклор-этнографик жамоалар ўзлари тайёрлаган куй-қўшиқлари билан бирга бир-бирини такрорламас саҳна либосларини ҳам намойиш этди. Уларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.  

– Бугунги фестивалда фольклор йўналишида туманимизнинг “Ёр-ёр” фольклор халқ жамоаси 1-ўринга лойиқ деб топилди, – дейди Хатирчи тумани маданият ва туризм бўлими бошлиғи Насриддин Арабов. – Фольклор халқ жамоаси вилоятимиз, хусусан туманимиз ҳаётига хос ва мос бўлган репертуар – “Уста ҳунармандлар” номли 15 дақиқалик саҳна кўриниши билан иштирок этди. Бунда туманимиздаги барча ҳунарманд усталаримиз ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган. Бугунги муваффақият жамоамизни янгидан-янги ижодий асарлар яратишга ундайди. Келгусида чет давлатларга ижодий сафарлар уюштириб, юртимиз довруғини янада улуғлашга ҳаракат қиламиз.

Фестиваль якунида фольклор жамоалари иштирокида гала-концерт уюштирилиб, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилди.

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/d6dPgsXAeGM" title="Ўтмиш ва келажакни боғлаган кўприк" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

 

А.Бўриев,

С.Аслонов (сурат+видео), ЎзА