Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтмиш, бугун ва келажак маёғи
11:34 / 2025-10-15

Таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Российская газета” ва бошқа нашрларда босилган “Моя душевная боль…” (“Аламим бор...”) сарлавҳали мақоласи катта қизиқиш уйғотди, мустақил Ўзбекистоннинг ўтмиши, ҳозирги куни ва келажаги бўйича маёққа айланди.

Муаллиф Ўзбекистоннинг жаҳон тарихи ва маданиятида тутган ўрни, унинг йўқотилган ва қайта тикланаётган миллий ўзлиги ҳақида фикр юритади. Мақолада айтилганидек, кўп йиллар давомида синовлар ва қийинчиликлар шароитида яшаган Ўзбекистон ва унинг халқи айни даврда давлат мустақиллигини мустаҳкамлаш, илгари унутилган ва беаёв тортиб олинган буюк тарих, маданият ва аждодлар меросини қайта тиклаш йўлидан бормоқда. Таъкидланишича, бундай фидойи меҳнат — нафақат тарихни тиклаш, балки миллатнинг асл қиёфасини излаш, маънавий кучга эга бўлиш ва янгиланишдир. Муаллиф фикрича, ҳақиқий ва холис адолат ана шунда.

Сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов ёзганидек, мамлакатда учинчи Ренессанс ҳақида сўз бошланиб, бу ҳақда юқори минбардан айтилганида, айримлар бунга истеҳзо билан қарашди. Шунга ўхшаш фикрлар энди йўқ, дея олмаймиз, улар бугунги кунда ҳам учраб туради. Лекин муаммо шундаки, ўша айрим кишилар сиёсатнинг фақат устки қатламини кўра олишади, холос. Муаллиф таъкидлаганидек, унинг моҳиятини тўлиқ англай олмайдилар.

Қадимги дунё, тарихий хотира ўзида донишмандликни мужассам этади. Шундай экан, мақола муаллифи нима учун давлат раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йили Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши бошлангани ҳақидаги саволга аниқ ва ишончли жавоб беради. Бу иншоот миллий тикланиш, фан, таълим ва маданият маркази сифатида жуда катта аҳамиятга эга бўлиб, у минтақадаги бой меросни — ислом меросини ўрганиш ва илгари суриш билан шуғулланади. Марказ буюк алломаларнинг асарларини тадқиқ этиш, анъанавий ҳунарларни тиклаш, зиёрат туризмини ривожлантириш, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса илмга, эътиқодга ҳурмат. Лойиҳада ўнлаб давлатларнинг илмий ва маданий муассасалари иштирок этишаётир. Айни пайтгача халқаро аукцион ва хусусий коллекция йиғувчилардан олинган 580 та артефакт мамлакатга қайтариб олиб келинди. Улар орасида ноёб қўлёзмалар, қурол-яроғ, кашталар ва тақинчоқлар бор.

Мақолада сўз юритилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ўзгаришларнинг муҳим рамзи, дейиш мумкин. 42 минг квадрат метр майдонда жойлашган ушбу мажмуа минтақадаги жуда катта музей ва илмий марказга айланади. Бу ерда исломгача бўлган даврга, биринчи ва иккинчи Ренессансга, замонавий Ўзбекистонга тегишли экспозициялар жойлаштирилади. Марказ халқаро ҳамкорлик учун майдонча ролини ўтайди. ОАВларда хабар берилишича, дунёнинг 100 дан ортиқ етакчи институтлари ва музейлари унда қатнашиш истагини билдирган. Улар орасида Эрмитаж, Болонья университети, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази ҳам бор.

Мақола муаллифи таъкидлайдики, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат турк дунёсидаги, балки бутун ислом дунёсидаги ана шу йўналишда иш олиб борувчи илмий марказлар учун база вазифасини бажаради. Шунингдек, у Ўзбекистонда сайёҳлик соҳасининг ривожига ҳисса қўшади.

Қ. Рафиқов томонидан Ватанга муҳаббат руҳида ёзилган мақолада ҳаёт мазмуни, халқнинг ёруғ келажакка ва Янги Ўзбекистонни бунёд этишга интилиши ўз аксини топган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази базасида ишга тушадиган Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида 200 нафар талаба магистратура ва докторантурада таҳсил олади. Чоп этилган мақола эса, ҳеч шубҳасиз, ёш йигит-қизлар учун ўтмиш, ҳозирги замон ва келажак бўйлаб маёққа айланади. Ёшларга халқ ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини англаш, улардан руҳий куч-қувват ва келажакка ишонч туйғусини олиш, чинакам ватанпарварлар бўлиб етишиш имконини беради.

Алоҳида эътироф этиш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим соҳасининг фаол ривожланиши кузатилмоқда, бунда хорижий таълим муассасаларининг очилиши ҳам муҳим роль ўйнаяпти. Масалан, ушбу мамлакатда Россиянинг 14 та олий ўқув юрти филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Улар ҳам Ўзбекистонда учинчи Ренессансни, таълим ва фан соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашади. Бизнинг Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университети Ўзбекистоннинг бир неча олийгоҳлари билан тузилган битимлар асосида ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар орасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон Миллий университети, Бухоро давлат университети ва бошқалар бор. Таълим муассасамизда кўплаб ўзбекистонлик талабалар таҳсил олишади ва малака оширишади. Университетимиз, шунингдек, ўзбекистонликлар орасидан бир қатор фан докторлари ва номзодларини тайёрлади.

Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ва илмий алоқалар мустаҳкамланмоқда, юзлаб қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳар гал Ўзбекистонда бўлганимда иқтисодиёт, саноат ва бошқа соҳаларда рўй бераётган кенг кўламли ўзгаришларни кузатаман. Мамлакат миллий қадрият ва анъаналарни тиклаган, сақлаган ва ривожлантирган ҳолда, ўзаро манфаатли халқаро муносабатларни мустаҳкамлашга интилмоқда.

Игорь МАКСИМЦЕВ,  

Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор,  

Россия табиий фанлар академияси ва Олий таълим халқаро академияси ҳақиқий аъзоси.