Адолат ва маънавият ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари судьялар билан бўлиб ўтган учрашувда маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда маънавият масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаганди.
Наманган вилояти суди томонидан ўтказилган маънавият ва маърифат тадбирларида мамлакатимиз Президентининг ушбу фикрлари ўз ифодасини топди. Судьялар ва суд тизими ходимларининг маънавиятини янада юксалтириш мақсадида уюштирилган тадбирларнинг навбатдагиси Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуасидан бошланди. Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, судья ва ходимлар маърифатпарвар алломанинг ҳайкали пойида тўпланиб, ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган чиқишларни томоша қилди. Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги ихтисослаштирилган мактабда бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, судьялар ва ёшлар иштирокидаги “Уч авлод учрашуви” самимий руҳда кечди. Уч авлод вакилларини бирлаштирган тадбирда суд фахрийлари босиб ўтган ҳаёт йўли, бой тажрибалари ҳақида сўзлаб берди. Фаолияти давомида рўй берган эсда қоларли ва ибратли воқеаларни ёдга олди.
Тадбир суд идораларида иш олиб бораётган ёшлар ва эртанги истиқболини айни соҳада кўришни истаётган талабаларнинг саволлари, фикр-мулоҳазалари билан янада қизғин ўтди.
Ибрат ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавият дарсида ибратшунос олим, Наманган давлат университети доценти, тарихчи Тоҳиржон Қозоқов, маърифтпарвар ватандошимизнинг авлодларидан Наманган вилояти телерадиокомпанияси директорининг ўринбосари Икромжон Содиқов суд ходимлари ва ёшларга буюк алломанинг ҳаёт йўли, ёзган асарлари, тилшунослик, матбаачиликда эришган ютуқлари ҳақида батафсил тўхталди. Мазкур таълим муассасасида билим олаётган ҳар бир ёш буюк аждодимизга мос авлод бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги чет тиллари институтида бўлиб ўтган тадбирда эса Наманган вилояти судининг судьялари олий ўқув юрти талабаларига янгиланган Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, ундаги ўзгартиришлар бўйича очиқ дарс ўтишди.
[gallery-14906]
“Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асосидир”, деган ғоя асосида ташкилланган дарсларда Бош Қомусимизга киритилган суд-ҳуқуқ йўналишидаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Тадбирда иштирок этган ҳар бир талабага Ўзбекистон Руспубликасининг Конституцияси китоби тарқатилиб, уларнинг асосий қонунимизда белгилаган ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилди.
Бир-бирига ҳамоҳанг тарзда ўтказилган тадбирлар якунида вилоят суди томонидан таълим муассасалари ва фахрий меҳмонларга бадиий, сиёсий-ҳуқуқий мавзулардаги китоблар жамланмаси совға қилинди.
Шундан сўнг, маънавият ва маърифат тадбирлари иштирокчилари Ибрат музейига келиб, яқин тарихимизни ўзида мужассам этган муассасада судья ва суд ходимлари ўтмишдан сўзловчи экспонатлар билан танишди. Айниқса, музейда буюк аждодимизнинг қўлёзмалари, рисолалари, фойдаланган буюмлари, суратлари, либосларининг мавжудлиги барчада катта таассурот қолдирди.
Наманган туризм ўчоқлари, тарихий ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектларига бой бўлган замин сифатида ном қозонган. Мингбулоқ ва Тўрақўрғон туманлари ҳудуди кесишмасида жойлашган Ахсикент ёдгорлиги ана шундай қадим тамаддунлар туташган маскандир. Суд тизими ходимлари мазкур мажмуада бўлиб, бу ерда очиқ осмон остидаги музейни кўздан кечирди. Қадимга Ахсикент шаҳристони қолдиқлари, у ердан чиққан осори-атиқалар билан танишиб, аждодларимиз томонидан бунёд этилган меъморчилик анъаналарининг гувоҳига айланишди.
– Жамиятда юксак маънавий фазилатларни камол топтиришга бой маданий мерос, миллий ва тарихий анъаналар, уминсоний қадриятларга ҳурмат билан эришилади, – дейди Наманган вилояти судининг масъул ходими Баҳодир Мўминов. – Айни жиҳатдан, вилоят суди томонидан ташкиллаштирилган маънавий-маърифий учрашув ва тадбирлар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маърифатли жамият концепциясининг амалий ифодаси бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири