Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 августдаги “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан пойтахтимизда тантанали “Отлиқ кавалерия” паради бўлиб ўтди.
Тантанали парад “Ўзбекистон” меҳмонхонаси автотураргоҳидан бошланиб, Амир Темур хиёбони бўйлаб “Hyatt” меҳмонхонаси автотураргоҳигача бўлган масофани қамраб олди. Мазкур тадбирда Миллий гвардия фахрий қоровул батальони кавалерия эскадрони, Чавандозлар мактаблари, От спорти бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Жамоат хавфсизлиги университети отлиқ отряди, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳамда От спорти бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси чавандозларидан иборат 100 нафардан ортиқ отлиқлар иштирок этди.
Айтиш жоизки, юртбошимизнинг йилқичилик ва от спорти соҳасига қаратган юксак эътибори, шунингдек, Миллий гвардия бошчилигида ташкил этилаётган “Отлиқ кавалерия” парадлари мамлакатимизда нишонланадиган байрамлар арафасида пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида ҳамда республикамизнинг марказий шаҳарларида ҳам анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Парад давомида куч тузилмалари ҳарбий оркестрлари томонидан ижро этилган ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар байрамга алоҳида шукуҳ ва тантанавор кайфият бағишлади.
Отлиқ кавалерия паради миллий анъаналар, ҳарбий қудрат ва Ватанга бўлган садоқатнинг ёрқин ифодаси сифатида юксак баҳоланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Q6Av6JpBg1I" title="“Otliq kavaleriya” paradi Vatan himoyachilari kuniga bag‘ishlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, У.Тўхтаев (монтаж), ЎзА