Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш, беморларни даволаш ҳамда реабилитация қилишнинг янги усулларини жорий қилишнинг асосий мақсадлари белгиланди. Улар қуйидагилардан иборат:
а) аҳоли ўртасида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар хавф омиллари ҳамда уларни бартараф этиш бўйича профилактик тадбирлар ҳақидаги маълумотларни кенг тартиб қилиш орқали уларнинг хабардорлик даражасини ошириш;
б) 30 ёшдан ошган аҳолини ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар бўйича такомиллаштирилган мақсадли тиббий текширувлар билан тўлиқ қамраб олиш;
в) шошилинч ҳолатларда юрак ва бош мия қон томирлари эндоваскуляр амалиётлари учун сарфлов воситалари ҳамда тромб эритувчи дори воситалари билан қамровни 100 фоизга етказиш;
г) ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлардан кейинги ногиронликни 30 фоизга, эрта ўлим ҳолатларини 15 фоизга қисқартириш.
2026 йил 1 майдан бошлаб халқаро дастурлар ("Stent for Life" ва "Action Plan for Stroke") асосида ишлаб чиқилган Инфаркт ва инсультга қарши курашиш миллий дастури ҳудудларда босқичма-босқич амалиётга жорий этилади.
Миллий дастур доирасида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш, барвақт аниқлаш, даволаш ва шошилинч ҳолатларда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи тизим жорий қилинади:
а) бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида 30 ёшдан ошган аҳоли ўртасида йилига бир марта мақсадли тиббий текширувлар ўтказилади;
б) туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказларида туну кун фаолият юритувчи инфаркт ва инсульт бригадалари фаолияти йўлга қўйилади;
в) ўткир юрак-қон томир касалликлари ва бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ҳолатларида беморларга шошилинч ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш алгоритмлари амалиётга жорий қилинади;
г) халқаро стандартлар асосида беморларнинг клиник маршрутлари (clinical pathways) ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади;
д) тез тиббий ёрдам бригадалари сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш имкониятига эга телеметрик электрокардиограф ҳамда мониторли дефибрилляторлар билан таъминланади;
ж) шифохоналар шошилинч ҳолатларда ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларга чалинган беморларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун тромб эритувчи дори воситалари ва сарфлов воситалари билан тўлиқ таъминланади;
з) ўткир юрак-қон томир касалликлари ва бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ҳолатларида беморларга шошилинч стационар тиббий хизмат кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб қилинади;
и) давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан ўткир юрак-қон томир касалликлари ва бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ҳолатларида кўрсатилган шошилинч ва режали тиббий хизматлар белгиланган тартибда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан молиялаштирилади;
к) шифохоналарда тиббий хизматлар тасдиқланган ташхислаш ва даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколлар асосида кўрсатилиши устидан назорат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан амалга оширилади;
л) туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказларига бириктирилган туман ва шаҳарлардан шошилинч ҳолатларда мурожаат қилган беморларга кўрсатилган тиббий хизматлар харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланади;
м) шошилинч тиббий хизмат кўрсатишда белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолларда харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан молиялаштирилмайди ҳамда хизмат кўрсатувчи тиббиёт ташкилотининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
ЎзА