Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида “Миллий ғоя миллат учун ҳаёт-мамот масаласи” мавзусида илмий-амалий конференция ҳамда “Биринчи Ренессанс алломалари” номли ўқув қўлланманинг тақдимоти бўлиб ўтди.
– Бугун илгари сурилаётган миллий ғоя асоси сифатли таълим ва самарали илм-фанга қурилаётгани бежиз эмас, албатта, – деди университет ректори Рустам Холмуродов. – Бу жараён сифатли таълим бериш, миллатнинг мудраб ётган даҳосини уйғотиш билан амалга оширилади. Бунга жамиятда инсоннинг бутун умр илм олиши учун барча шароитни яратиб бериш, маърифатли давлат сиёсатини юритиш, онгу шуурига гўдаклигиданоқ зиё олиб кириш ёрдамида эришилади.
Китоб тақдимотида уч китобдан иборат туркумнинг илк китоби бўлган “Биринчи Ренесанс алломалари” ўқув қўлланмасининг яратилиш тарихи, бундан кўзланган мақсад ҳақида сўз юритилди. Ўқув қўлланмада Ўзбекистон замини тарихда буюк Уйғониш даврларига бешик бўлгани, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларни етиштириб бергани қаламга олинган.
– Биз нафақат юртимиз, балки дунё тарихида Биринчи Ренессанс асосларини яратган алломаларнинг номи билан фахрланиб қолмасдан уларга муносиб ворис бўлишимиз, уларнинг асарларини шунчаки санамасдан ҳаёти ва илмий меросини қунт билан ўрганишимиз керак, – деди тадбирда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳматов. – Чунки интеллектуал ривожланган жамият ва давлат Учинчи Ренессанс пойдеворини янада мустаҳкам, аждодларига хос тарзда қўя олади.
Анжуманда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳматовга Самарқанд давлат университети фахрий профессори унвони ҳамда “Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги” эсдалик нишонини топширилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА