English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўткир қон томир касалликлари долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда
09:11 / 2022-04-12

Жаҳон тиббиётида эришилган улкан ютуқларга қарамай, қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари соҳанинг энг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда дунёда ушбу хасталиклардан ўлим даражаси 56,2 фоизни ташкил этяпти.  

Хўш, бу борада юртимиздаги аҳвол қандай? 

Афсуски, юрак-қон томир касалликлари юртимиз аҳолисининг ногиронлик сабаблари орасида ҳам энг юқори ўринни эгаллаб, унинг улуши ССВдан олинган маълумотга кўра, 25 фоиздан ошиқни ташкил этади. 

Шунингдек, 2016-2020 йиллар давомида биргина Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг вилоят филиалларига йўл-транспорт ҳодисалари юзасидан жами 69 минг 612 та мурожаат келиб тушган. Қолаверса, юртимизда инсульт билан касалланиш ҳолатлари йилига 40 мингдан зиёдни ташкил этмоқда. Шу сабабли Президентимизнинг 2021 йил 26 июлдаги “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021-2022 йиллар давомида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини босқичма-босқич ташкил этиш белгиланган эди.  

Ушбу марказларнинг 20 таси ўтган 2021 йил ўз фаолиятини бошлаган бўлса, жорий йил 3-чорак сўнгига қадар улар сони 35 тага етказилиши кўзда тутилган. Ҳозир эса бундай муассасаларнинг 24 таси юртимиз аҳолисига малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Уларнинг куну тун фаолият юритишини таъминлаш мақсадида хирург, травматолог, нейрохирург, анестезиолог-реаниматолог, МСКТ/рентгенолог, невролог, нефролог, лаборант шифокори, ўрта ва кичик тиббий ходимлардан иборат постлар ташкил қилинган.  

Шунингдек, барча туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари Жаҳон банкининг умумий қиймати 37,7 миллион АҚШ долларидан зиёд кредит маблағи эвазига кўп кесимли компьютерли томограф, рақамли стационар ва портатив рентген аппаратлари, стационар ва портатив ультратовуш аппаратлари каби 34 турдаги юқори технологик тиббий ускуналар билан таъминланмоқда.  

ЎзА