Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўткир Жумаев: "Бухоро шаҳрида тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш режаси бажарилмаган"
11:02 / 2020-12-10

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутатлари, тегишли мутасадди ташкилотлар, ҳудуд секторлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Кун тартибидаги масала, яъни 2020 йилда амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ҳамда 2021 йилда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан шаҳар ҳокими Ўткир Жумаевнинг ахбороти тингланди.

Таъкидланишича, жорий йил дунё миқёсида авж олган коронавирус пандемияси давридаги мураккабликларга қарамасдан 2020 йил –“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да салмоқли натижаларга эришилди. Бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган ислаҳотлар натижасида халқ хўжалигининг барча тармоқларида инқирозга дуч келмаслик чоралари кўрилди. Натижада жорий йилда шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2257,9 миллиард сўм ёки 109,4 фоизга, ҳудудий саноат маҳсулотлари ҳажми 1057,3 миллиард сўм ёки 100,5 фоизга, қишлоқ хўжалик ялпи маҳсулоти 334,5 миллиард сўм ёки 100 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 1176,6 миллиард сўм ёки 105,7 фоизга, чакана савдо ҳажми 3970,3 миллиард сўм ёки 100,8 фоизга, жами хизматлар ҳажми эса 4126,2 миллиард сўмга бажарилди.  

Иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича шаҳарда йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида аҳоли жон бошига ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2 миллион 836,7 минг сўмга, хизматлар ҳажми 12 миллион 858 минг сўмга, шундан чакана савдо хизматлари 10 миллион 799,6 минг сўмга тўғри келди.

Шаҳар бўйича 2020 йил учун бюджетга 517,1 миллиард сўм тушум режаси белгиланган бўлиб, йил якунига 103,5 фоизга, яъни 18,3 миллиард сўмга кўп тушум таъминланади. Жорий йилда 2020-2021 йил қиш-баҳор мавсумида аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалик (картошка, пиёз, сабзи ва гуруч) маҳсулотлари билан таъминлаш, бозор ва савдо мажмуаларида бу маҳсулотлар чакана нархларининг ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз, вилоят ҳамда шаҳар ҳокимлигининг заҳирага ғамлаш бўйича қабул қилинган қарорларига мувофиқ, ҳудуддаги 3 та деҳқон бозори ҳамда 16 та ўз омборхонаси ва музлаткичли сиғимга эга тайёрлов корхонасига жами 17732 тонна, шундан 9230 тонна картошка, 3996 тонна пиёз, 2738 тонна сабзи ва 1768 тонна гуруч маҳсулотини ғамлаш белгиланди.

Жорий йилда марказлашмаган инвестициялар ҳажми 740 миллиард сўмни ташкил этди, бу кўрсаткич аҳоли жон бошига 2638 минг сўмни ташкил этмоқда. Импортни оптималлаштириш чора-тадбирлари ҳисобига ҳамда жорий йилдаги пандемия сабаб 2020 йилда асосан озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилиниб, уларнинг ҳажми бугунги кунгача 3 миллион 919,5 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

Президентимизнинг шу йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ шаҳарда 9 та лойиҳа доирасида 69,2 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан–тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган. Бу борада 6 та лойиҳа доирасида жорий йилнинг 9 ойида 8,62 миллион АҚШ долларилик ва 29 та қўшимча лойиҳа доирасида 44,5 миллион АҚШ долларилик тўғридан-тўғри ва хорижий кредит ҳисобидан маблағ ўзлаштирилиб, 1450 та иш ўрни яратилди.

2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастури бўйича қиймати 3 миллиард 306,8 миллион сўмлик 132 та лойиҳа бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Шундан жорий йилда 1 миллиард 635,4 миллион сўмлик 83 та лойиҳа амалга оширилади. Ҳозирда қиймати 391,7 миллиард сўмлик 57 та лойиҳа ишга туширилган бўлиб, натижада 1 минг 118 та иш ўрни яратилди.

2019-2021-йилларда 3 мингдан ортиқ барча турдаги қурилиш объектлари қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. 41 та объект “Bukhara-city» лойиҳаси ҳиссасига тўғри келади. Бунда 2 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектининг якка тартибдаги савдо-маиший объектини ҳам қурилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, вилоят марказидаги, аввалги “Дилкушо” бозори ўрнида барпо этилган “Бухоро савдо мажмуаси” ва Уй қурувчилар кўчасидаги “Каrvon shopping senter" савдо мажмуаларини фойдаланишга топшириш ҳисобидан ўнлаб иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.  

Шаҳар ҳокими ўз ахборотида эришилаётган муваффақиятлар қаторида амалга оширилиши зарур бўлган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Шаҳарнинг эски шаҳар қисмидаги 17,1 километрга ёмғир сувларини қочириш тизимларини қайта таъмирлаш, бўйича лойиҳа институти билан смета ҳужжатлари тайёрланмоқда. Худди шундай, Янгиобод, Ширбудин, А.Ғиждувоний, Шейхон, Мохи-хоса, Отбозор, Гулчорбоғ, Чорбахосса, М.Таробий каби маҳаллаларда яшовчи аҳоли томонидан келиб тушган мурожаатларга асосланиб, 2021 йилда 19 километр ички йўлни жорий ва мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.

Жорий йилда шаҳарда 2 минг 62 та янги тадбиркорлик субъектини ташкил этиш режалаштирилган эди. Аммо жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 203 та янгидан юридик шахс мақомига эга тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Йил якунига қадар яна 100 та тадбиркорлик субъектини яратиш имконияти бор.

Шаҳарда қурилаётган 1-2 қаватлари савдо ва маиший хизмат мажмуалари бўлган 40 га яқин кўп қаватли уйнинг фойдаланишга топшириш муддати 2021 йил 1 чорагига сурилди. Мазкур 1-2 қаватларнинг ишга тушириш натижасида камида 300 га яқин янги тадбиркорлик субъекти фаолиятини йўлга қўйилади.  

Бугунги кунда ҳудудда фаолият кўрсатмаётган корхоналар сони 1 минг 785 тани ташкил этмоқда. Улар бўйича ўтказилган мониторингда қатор муаммолар аниқланди. 1 минг 86 тасининг айланма маблағи етарли эмас. 381 таси ихтиёрий равишда фаолият кўрсатмаяпти. 75 таси раҳбарига жиноий иш қўзғатилган ёки раҳбари чет элга чиқиб кетган. 15 тасининг ер ва кўчмас мулк билан боғлиқ муаммоси бор. 11 нафарининг кредит олиш билан боғлиқ. 15 тасининг коммунал билан боғлиқ муаммолари мавжуд. Фаолият кўрсатмаётган ҳар бир корхонага иқтисодий комплекс масъул ходимларини бириктириш орқали улар билан бирма-бир ишлаш натижасида 324 тасининг фаолияти тикланди.

2021 йилда меҳнат муҳожирларини қайтариш, доимий яшаш манзилидан узоқ муддатга кетган юртдошларимиздан қайтиб келадиган қарийб 7 минг нафар шахсни иш билан таъминлаш бўйича зарур амалий чораларни кўриш тақозо этилади.  

Сессияда оммавий ахборот воситалари, мустақил журналист ва блогерлар учун шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.  

Шу куни вилоят марказида жорий йил якунига қадар фойдаланишга топшириладиган объектлар бўйлаб пресс-тур ташкил этилди.

 

Зариф Комилов, ЎзА