Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўткир Ҳошимов асарлари турк тилида
14:20 / 2021-08-03

2020 йил 2 декабрда Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Ушбу ҳужжатда ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган атоқли адиб ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасидаги улкан аҳамияти таъкидланиб, адиб таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар режасида адибнинг қорақалпоқ, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган асарларини нашрга тайёрлаш ва чоп қилиш ҳам белгилаб қўйилганди.

 Мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш борасида бугун Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳам бир қатор ишлар қилиняпти. Университетнинг Таржимашунослик ва халқаро журналистика кафедраси доценти, таржимон Хайрулла Ҳамидов ва унинг шогирдлари томонидан адибнинг бир қанча машҳур ҳикоялари ва асарларидан парчалар турк тилига ўгирилди. Бу асарлар “Ötkir Haşimov. Seçme Hikâyeler” (“Ўткир Ҳошимов. Танланган ҳикоялар”) номи остида чоп этилди. Китобга университет ректори Г.Рихсиева сўзбоши ёзган, дея хабар бермоқда уюшма матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича,   университетда “Устоз-шогирд” анъанаси асосида амалга оширилаётган ижодий ишлар мақташга арзигулик. Китобга Хайрулла Ҳамидов шогирдларининг таржималари ҳам саралаб олингани бунинг яққол исботидир. Хусусан, китобдан сўз устасининг “Янга”, “Тасодиф”, “Урушнинг сўнгги қурбони”, “Бахт”, “Ғаройиб саёҳат” ва бошқа ҳикоялари, шунингдек, машҳур “Дунёнинг ишлари” ва “Дафтар хошиясидаги битиклар” номли асарларидан парчалар, адиб асарларида бот-бот қўлланилган пурмаъно ҳикматли сўзларининг туркча таржималари ўрин олган.

   Ушбу китоб Тошкент давлат шарқшунослик университети ижодий жамоасининг адиб таваллудининг 80 йиллигига камтарона туҳфасидир.

 Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби Ўткир Ҳошимов 1941 йилнинг 5 августида Тошкент шаҳрида таваллуд топган.

 

Д.Маматова,ЎзА