Кейинги кунларда айрим ёшларимиз томонидан Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи атрофида билдираётган мулоҳазалари мени ҳам шу мавзудаги фикрларимни қоғозга туширишга ундади.
Албатта, сўз эркинлиги шубҳасиз мавжуд. Ҳар ким ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Аммо, ҳар қандай фикр чуқур мантиқ ва асосга эга бўлиши лозим. Шахсан менинг назаримда, “Ўткан кунлар” романи ўзбек адабиётининг энг нодир намуналаридан бири бўлиши баробарида, ўзбек халқининг ўтмиши, маънавий қиёфаси, сийрати ва суратини кўрсатувчи асар ҳамдир.
Муаллиф ўзи айтгандек, бу романда “халқимизнинг энг қора кунлари ҳақида ҳикоя қилади». Романда юртимизда рус босқини арафасида юз берган фожиалар Кумуш ва Отабек муҳаббати манзарасида очиб берилади.
Эътибор берадиган бўлсак, асар нимқоронғи шом тасвири билан бошланиб, Ўзбекойимнинг қора кийиши билан тугалланади. Нега шом палласи, нега Ўзбекойим? Нега аза?
Шу уч савол атрофида асарнинг бутун моҳиятига жавоб топиш мумкин. Ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярми юртимиз ҳудудида миллий уйғониш билан бирга сиёсий тарқоқлик, хонлар ва амирлар ўртасидаги кураш, синфий тафовут авж олган эди. Хива, Қўқон хонликлари, Бухоро амирлиги ўртасида зиддиятлар ҳадди аълосига етади. Ҳукмдорлар, амалдорлар маишатдан, кайф-сафодан бўшамайди. Отабек, Юсуфбек ҳожи сингари миллат, Ватан учун жонини беришга тайёр юрт фарзандларини эса ҳеч ким эшитмайди.
Асардаги “Қипчоққа қирғин” саҳнасини эсланг. Биргина Мусулмонқул иғвоси сабаб Қўқон ҳукумати қипчоққа қарши қирғин уюштиради. Мамлакатдаги 15 ёшдан олтмиш ёшгача бўлган қипчоқ қавмига мансуб аҳолига нисбатан шафқатсиз қатлиом амалга оширилади.
Қодирий бу ҳодисаларни юрак қони билан тасвирлаган. Ҳатто ҳеч нарсадан бехабар, устахонасида ишлаб ўтирган бўёқчи, кулолларни ҳам қиличдан ўтказадилар. Қўлидан бўёқ юқи кетмаган бўёқчи жаллод қиличи олдида “ахир гуноҳим нима эди” деб қалтирайди...
Асарда Юсуфбек ҳожи таъкидлагандек бундай бегуноҳ инсонларнинг қони, албатта, тутмай қолмайди. Натижа узоқ куттирмайди. Асар сўнгида Отабек ўз муҳаббатидан, ота-она ўз жигарбандидан ажрайди. Юртни ёғий босади. Отабек Чор Россияси босқинига қарши урушга отланади ва шаҳид бўлади.
Асарда ибратомуз саҳналар кўп. Унда ўзбек халқига хос одамийлик, лутфу марҳамат, меҳр-оқибатни ҳам кўрасиз. Асарда ўзбек оиласи, ундаги ўзаро муомала, ўзбекона фазилатлар моҳирона очиб берилган. Кичик бир саҳнани эсга олайлик: Кумуш ўз жуфти ҳалоли – Отабекнинг кўзи ўнгида кийим алмаштиришдан ҳаё қилади...
"Ўткан кунлар" романини яқинда қайтадан ўқиётиб, бир жумлага келганимда, беихтиёр сергакландим. Нега илгари шу жойига диққат қилмаган эканман? Эсингизда борми, Отабек Тошкентдан уйланиб, Марғилонга борган чоғида, сохта хатга ишонган қайнотаси уни уйига киритмай, эшик олдидан қувиб юборади.
У Қутидорнинг эшиги ёнида турган пайтда отини кўчада ечиқ қолдирган эди. Мажҳул кайфиятда қайтиб отга минаётганида от юрмайди. Шундагина "...боя юриб кетган отини ўткунчилардан бири боғлаб кетганини эслади".
Бир қараганда оддий ҳолат: Нотаниш бир кимса ўтиб кетаётиб, эгаси ечиқ қолдирган отнинг қочиб кетмаслиги учун уни толга боғлаб кетган. Ўша одам эҳтимол Отабекни ҳам, Қутидорни ҳам танимагандир. Отабек унга раҳмат айтмаган, ўз навбатида ўша нотаниш одам бу иши учун ҳеч қандай миннатдорчилик кутмаган. Шуниси аниқки, у – ўз юртдошимиз, миллатдошимиз.
Ҳадиси шарифда мўминларнинг энг яхшиси қўли ва тилидан биров озор кўрмайдиган кишидир, дейилади. Яхши сўз, илиқ калом хайр-эҳсон ўрнини босиши таъкидланади. Шу боис асрлар мобайнида бу ақида халқимизнинг қон-қонига сингиб келган. Ўзбек халқининг қарийб икки аср аввалги ҳаёти, турмуш тарзини ўзида акс эттирган "Ўтган кунлар" романини ўқиш жараёнида ҳам бунга беихтиёр амин бўласиз.
Асардаги яна бир лавҳани эслайлик. Карвонсарой. Отабекни икки марғилонлик – Раҳмат ва Ҳомид йўқлаб келади. Салом-аликдан сўнг Отабек Ҳасаналидан чой қайнатиб беришни сўрайди.
" – Бу киши кимингиз бўладир, бек ака?
Отабек Раҳматнинг саволига жавоб бермай эшикка қаради. Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб сўнгра жавоб берди:
– Қулимиз... "
Нега энди жавоб Ҳасаналини «узоқлатиб» қайтарилди? Ҳасанали бу хонадоннинг қули эканини ўзи ҳам ихлос билан тан олади. Болалигидан хожасига садоқат билан хизмат қилиб келган-ку? Бироқ, у Отабек учун қул эмас, "маънавий падар" мақомини эгаллаган қадрдон. Қолаверса, Отабекдаги муомала одоби, ўткир фаросат ва софдиллик ана шундай мулоҳазакорликни тақозо этади.
Романнинг тили, ёзувчининг сўз бойлиги, тасвирларнинг тиниқ ва гўзаллиги кишини мафтун этади. Адибнинг бадиий сўзида бетакрор жозиба мужассам бўлгани боис «Ўткан кунлар»ни неча бор ўқиса ҳам одам қайта мутолаага эҳтиёж сезаверади. Роман ўқувчини зериктирмайди. Қайта ўқиш жараёнида асарнинг янгидан-янги қирралари очилади.
Абдулла Қодирий сўзида ўқувчини ўзига боғлаб турадиган, инсонни ўзига оҳанрабодек тортадиган қувват бор. Айнан сўзнинг таъсири боис китобхон Кумуш ўлган саҳнада кўз-ёшларини тиёлмайди. Айтмоқчи, бу эпизоднинг ўзи йиғлаб ёзилган. Демак, адибнинг изтироби, ўксик қалби шу саҳифаларга эриб оққан.
Отабекнинг Марғилондаги мажлисда жамиятдаги камчиликлардан куюниб айтган гапларини эслайлик. “Орамиздағи бу қўрқунч ҳолатка баҳаққи тушунадиган яхши одамлар йўқ. Билъакс, бу бузғучи ва низочи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқури томон тортадилар. Бу кунги қипчоқ ва қорачопон низоларини сизга бир тимсол ўрнида кўрсатайин. Бу низолардан бизга қанчалик фойда ва қипчоқ оғайниларга қанчалик манфаат ҳосил бўлмоқда?”
Қодирий Отабек тилидан ўша даврдаги энг оғриқли нуқталардан бири, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик иллатларини кўрсатиб берганди. Айнан ана шу тарқоқлигимиз Ватанимизниг мағлубиятига сабаб бўлди. Юрт 130 йил давомида истибдод остида қолди.
Шундай экан, бу китобни бугунги ёшларимиз билиб-билмай танқид остига олишлари эмас, унинг мазмун-моҳиятини тушуниб етишлари, инсонийлик, ватанпарварлик, миллатсеварлик хислатларини оширишлари лозим.
Рустам ЖАББОРОВ. ЎзА