Жиззах вилоятида бугунги кунда жами 1 минг 500 та чорвачилик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Яъни, қорамолчиликда 768 та, қўй-эчкичиликда 429 та, қуёнчиликда 7 та, паррандачиликда 55 та, асаларичиликда 34 та ҳамда балиқчиликда 185 та хўжалик мавжуд.
Ўтган йили вилоятда гўшт ишлаб чиқариш 237,3 минг тоннани ташкил қилди. Сут ишлаб чиқариш 694,1 минг тоннани, тухум етиштириш 419,9 млн. дона, асал ишлаб чиқариш 1,2 минг тоннани, балиқ етиштириш 15 минг тоннани ташкил этди.
Чорвачилик ва унинг тармоқларида умумий қиймати 1 трлн 53 млрд сўмлик 191 та лойиҳа амалга оширилиб, 2000 нафардан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўрни яратилди. Лойиҳаларнинг ишга туширилиши ҳисобига хорижий давлатлардан 1122 бош наслли қорамол, 7987 бош наслли қўй-эчки олиб келинди ва 20 гектар интенсив балиқ ҳовузи ташкил этилди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида Зомин туманида битта чорвачиликка ихтисослашган йирик хўжаликда биогомус ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
“Даладан дастурхонгача” тамойили асосида 11 та гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирувчи ҳамда қайта ишловчи корхоналар томонидан аҳолига 2,2 минг бош мол кооперация усулида етказиб берилди.
Бу йил вилоят миқёсида барча тоифа хўжаликларидаги 128 минг бош сигир ва тана сунъий уруғлантирилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 129 минг бош, яъни режага нисбатан 101 фоизга уруғлантирилди.
Давлатимиз раҳбарининг “Чорвачиликда идентифиқация қилиш тизими ва наслчилик соҳасини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Шароф Рашидов ва Зарбдор туманларида жами иккита чорвачиликка ихтисослашган йирик чорвачилик кластерлари ташкил этилиши белгиланган эди.
Айни пайтда Шароф Рашидов туманидаги “Чақмоқ” фермер хўжалигига 300 бош, Зарбдордаги “Ўткир полвон” фермер хўжалигига 1000 бош қорамол келтирилиши бўйича лойиҳалаш ишлари бошланди.
Ушбу кластерлар ишга туширилиши ҳисобига 300 нафар янги иш ўрни яратилади.
Вилоятда чорвачиликда наслчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш ва сунъий уруғлантиришнинг тизимли ташкил этилиши туфайли 20 та товар хўжалиги наслчилик хўжалиги тоифасига ўтказилди.
Эндиликда мазкур турдаги хўжаликлар сонини 60 тага етказиш устида ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, 2024 йилда шахсий ва ёрдамчи хўжаликларда 335 бош наслли урғочи мол тайёрлаб сотишни ташкил этиш белгиланган.
ЎзА