English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтган йили 49 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилди
15:34 / 2024-01-05

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани Себзор маҳалласида яшайдиган Ҳамадон Каримов тасвирий санъат фани ўқитувчиси. Болаликдан 2-гуруҳ ногирони. 25 ёшни қаршилаган Ҳамадон кўпроқ табиатни тасвирлашни ёқтиради. Тасвирий санъатга меҳр қўйган болаларга санъат сирларини ўргатишдан завқ олади. Мамлакатимизда ёш авлоднинг чуқур билим олиши ва ўз истеъдодини кенг намоён этиши учун яратиб берилган шароитлардан фахрланади.

Янги йил арафасида Ҳамадонга туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази янги қўлтиқтаёқ туҳфа қилиб, уни марказда ишлашга таклиф этди. Бироқ ҳали Ҳамодон ўз касбини ўзгартириш бўйича аниқ қарорга келгани йўқ. Уйдагилар билан маслаҳатлашиб, кейин бир тўхтамга келишини айтган. Чунки, у тасвирий санъатга бўлакча меҳр қўйган. Отаси Амирқул Назаров фарзандининг жамиятда ўз ўрнини топаётганидан, у давлатимиз эътиборидалигидан қувониб яшамоқда. 

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида 10 минг 575 нафар 14-30 ёшдаги ногиронлиги бўлган ўғил-қиз истиқомат қилади. Уларнинг 1 минг 185 нафари 1-гуруҳ, 6 минг 747 нафари 2-гуруҳ, 251 нафари 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслардир. 

Жамиятдан озгина меҳр ва эътибор кутиб яшайдиган бу юртдошларимизни қўллаб-қувватлаб, уларни зарур реабилитация анжомлари билан таъминлашда ўтган йили хизмат кўрсатишни бошлаган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ходимлари бир қатор ишларни амалга оширди. Бунинг учун якунланган йилда воҳадаги 724 маҳалланинг барчаси ижтимоий ходимлар билан таъминланди. Улар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишга жойлашиш, таълим олишига кўмаклашиш каби янгиланган Конституциямизда белгиланган мажбуриятлар бажарилишини таъминлашга бел боғлаган. 

Ўтган йили вилоятда биринчилардан бўлиб “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилган Узун туманида 51 та маҳалла мавжуд. Ҳозир уларнинг ҳар бирида бир нафардан ижтимоий ходим хизмат кўрсатмоқда. Масалан, тумандаги Баҳористон маҳалласида 3 минг 34 нафар киши яшайди. Икки нафар ёлғиз яшовчи кекса, 180 нафар ногиронлиги бўлган шахс, 19 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бола ҳамда 273 нафар болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчилар бор. Маҳалланинг ижтимоий ходими дастлаб ўз ишини аҳолини ўрганишдан бошлади. Ижтимоий ёрдамга муҳтож шахсларни аниқлаб олгач, уларга босқичма-босқич кўмаклашишни йўлга қўйди.

—Маҳалла даражасида аҳолининг 31 тоифасига индивидуал ёндашув асосида ижтимоий хизмат ташкил этмоқдамиз,¬ –дейди маҳалладаги ижтимоий ходим Ғиёс Иномжонов. —Оғир ижтимоий ҳолатга тушган ва тушиш хавфи бўлган аҳоли билан ҳам манзилли ишлаймиз. Уйма-уй юриб, улар ўртага ташлаётган масалаларни ҳал этиш чораларини кўрамиз. Бундай ғамхўрликдан хизматимизга эҳтиёж сезаётган инсонлар жуда қувонмоқда.

Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ижтимоий ходимлар ногиронлиги бор ва ёлғиз шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ижтимоий кўмакка муҳтож бошқа инсонлар қалбига қувонч улашиб, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватламоқда. 

Сариосиёлик косиб Карим Норқуловни туман аҳолиси яхши танийди. Қўли гул уста. Тақдир тақозаси билан Карим ака ногиронлик аравачасига эҳтиёж сезиб қолди. 60 ёшли отахон тақдирнинг бу синовидан руҳан чўкмади. Тушкунликка тушмади, яшаш учун курашди. Фарзандлари ва яқинларидан куч олиб меҳнат қилди, Ҳалол ризқ топиб, ўғил уйлантирди. “Инсон” ижтимоий хизмат маркази туман бўлими бошлиғи ва маҳалладаги ижтимоий ходим келиб отахондан ҳол-аҳвол сўради. Муаммоларини ўрганди. Суҳбат чоғида К. Норқулов электрон ногиронлик аравачасига эҳтиёж сезаётгани ва топгани касалчилик сабаб дори-дармондан ортмаётганини айтиб қолди. 

—Муаммоларим тезда ҳал этилганидан суюниб кетдим,—дейди Карим Норқулов. —Мен истаган электрон аравачани олиб келиб беришди. Дори-дармон билан таъминлашди. Бу эътибор менга ғойибдан куч ато этгандек бўлди. Ўзимни андак соғлом ҳис эта бошладим. Эндиликда янги аравачада бемалол ҳаракатланаяпман. Бундай ғамхўрлик учун давлатимиздан беҳад миннатдорман.

Вилоятдаги "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази ва маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар ўтган йили 49 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатди. Жорий йилда кўрсатилаётган хизматлар сони янада ортиши кутилмоқда. 

Иш бошлаган илк йилдаёқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси жойларда сайёр қабуллар ўтказишни ҳам йўлга қўйиб, аҳолининг дарду-ташвишини тинглай бошлади. Жумладан, вилоятнинг Узун ва Денов туманларида ташкил этилган очиқ мулоқотларда юзга яқин мурожаат қабул қилиниб, уларнинг аксариятига жойида ечим топилди. 

Янги йилнинг дастлабки кунларидан маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар ҳудуддаги хонадонларни қайта ўрганиб, ижтимоий хизматга эҳтиёжи бор шахсларни аниқламоқда. Уларга тегишли ёрдам кўрсатиш учун зарур чора-тадбирларни белгилаб олмоқда. Бундай эзгу ишлар мамлакатимизда инсон қадри улуғланаётганини кенг намоён этаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири