Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ўтган йилда жами 23,8 трлн. сўмлик ундирув амалга оширилган. Бу ҳақда бугун Мажбурий ижро бюроси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланишича, амалда ундирув кўрсаткичи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,7 трлн. сўм ёки 1,6 баробарга ўсган. Шунингдек, республика ва ҳудудий кенгашлар ёрдамида 16 минг 968 нафар эҳтиёжманд қарздор фуқароларнинг 9 минг 751 нафари иш билан таъминланган. 39 нафарига эса имтиёзли кредитлар ажратилган.
366 та ҳолатда қарзларни тўлаш муддати узайтирилиб, 6 та қарздор ташкилотни молиявий соғломлаштириш мақсадида уларга инвесторлар жалб қилинган.
Оилалар мустаҳкамлиги борасида олиб борилган профилактика ва тушунтириш ишлари натижасида эса 23 минг 300 дан ортиқ оилалар яраштирилгани айтилди.
Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 1 297 нафар фуқаролар ишга тикланиб, уларга тўланмай қолган 57,5 млрд. сўмлик иш ҳақи ундириб берилган.
Қолаверса «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд фуқароларга бюро томонидан 453 млрд. сўм маблағлар ўтказиб берилган.
Мафтуна Каримова, ЎзА