Юнусобод тумани ҳокимлиги томонидан туманнинг 2023 йилдаги ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ва истиқболдаги вазифалари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда 363 минг нафар туман аҳолиси учун муносиб турмуш, меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, камбағаллар ва ишсизлар билан ишлаш, таълим, тиббиёт соҳалари, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўлами ва моҳияти жиҳатидан залворли ишлар қилингани айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, туманда иқтисодиётни мустаҳкамлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ишлари тизимли олиб борилмоқда. 2023 йилда барча соҳаларда иқтисодий ўсишга эришилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 100,8, чакана савдо 116,5, истеъмол товарлари 101,7, хизматлар кўрсатиш ҳажми 123,2 ва қурилиш ишлари 100,6 фоизга ўсди.
Ўтган йилда туманда 69 та инвестицион лойиҳа ишга туширилиши натижасида жами 4 триллион 613,3 миллиард сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, 2 912 та янги иш ўринлари яратилди.

Ўтган йилнинг ўзида 142 та корхона фаолиятини экспортга йўналтирган. Шу боисдан, туманда корхоналар экспорт географияси 4 тага кенгайтирилиб, маҳсулот турлари 12 тага кўпайтирилган. Ўтган йили туманда жами 49 та корхона томонидан 181,6 млн. долларлик мева-сабзавот ва саноат маҳсулотлари экспорт қилинган.
70,5 минг янги иш ўринлари яратилган. "Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ўз фаолиятини бошлаш учун касб-ҳунарларга ўқитилди.

Туманда 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тумандаги 21 минг 146 нафардан ортиқ бола мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиниб, қамров даражаси 86 фоизга етказилди.
Хулоса ўрнида айтганда, пойтахтимизнинг Юнусобод туманида амалга оширилаётган янги ташаббуслар одамларнинг кундалик ҳаётида акс этиб, уларнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. Аҳоли бугунги кунидан рози бўлиб, эртасидан кўнгли тўлмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА