Давлат харажатларини мониторинг қилиш ва улар устидан самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш – очиқлик, ҳисобдорлик ҳамда ҳалоллик тамойилларини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Бугунги кунда давлат харажатларини мониторинг қилишда рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали эҳтимолий коррупция ҳолатларини автоматик аниқлаш имконияти яратилаётир.
Хусусан, давлат харидлари соҳасида очиқликни таъминлаш ва қонунбузарликларнинг олдини олишга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги алоҳида эътибор қаратмоқда.
Агентлик томонидан 2025 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида 666,6 миллиард сўмлик 189 давлат хариди жараёнида қонунбузилишига йўл қўйилгани аниқланган.
Таҳлилларга кўра, ўтган йилда давлат харидларида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари сони 2024 йилга нисбатан 282 (59,9 фоиз)га камайган бўлса, қиймати 167,9 миллиард сўм (33,7 фоиз)га ортган.
Эслатиб ўтамиз, бу каби қонунбузарлик ҳолатларига барҳам бериш мақсадида 2025 йил 26 декабрда Президентимизнинг “Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унга мувофиқ, 2030 йилгача давлат харидлари соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Хусусан, давлат харидларида рақобатли усуллардан фойдаланиш даражаси 80 фоизга етказилади. Давлат харидларида иқтисод қилинган маблағ миқдори 25 триллион сўмга етказилади.
Тадбиркорлик субъектларининг давлат харидларидаги фаоллиги икки карра оширилади. Давлат буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган харидларда маҳаллий маҳсулотлар улуши камида 85 фоизга етказилади.
Давлат буюртмачиларининг харидлар учун масъул бўлган малакаси оширилган ходимлари улуши 98 фоиздан кам бўлмаслиги таъминланади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида давлат хариди предметининг ўртача бозор нархини сунъий интеллект технологиялари асосида ҳисоблаб берувчи электрон модуль ишга туширилади.
Фармонга мувофиқ, давлат буюртмачиси давлат харидини амалга оширишдан олдин давлат харидлари предметининг ўртача бозор нархини модулда шакллантиради.
Бунда, давлат харидлари предметининг бошланғич нархи ёки шартнома баҳоси ва унинг модулдаги ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовут 10 фоиздан ортиқ ёхуд 20 фоиздан паст бўлса, ушбу харидлар давлат харидлари соҳасидаги давлат назорати органлари томонидан биринчи даражада текшириладиган юқори хавф-хатар сифатида баҳоланади ва навбатдан ташқари текшириш ўтказиш учун асос бўлади.
Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харидлар модулдаги харид предметининг ўртача бозор нархидан ошмаган ҳолда амалга оширилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат харидларида рақобатли усул орқали айрим турдаги товарлар (ишларни, хизматлар)ни харид қилишнинг "таклиф сўрови" янги тартиб-таомили жорий этилади.
Давлат буюртмачилари томонидан "таклиф сўрови" орқали харид қилиниши мумкин бўлган товар (иш, хизмат)лар, давлат буюртмачилари томонидан "таклиф сўрови" орқали харидларни амалга ошириш схемаси тасдиқланди.
2026 йил 1 январдан бошлаб тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товар (ишлар, хизмат)лар рўйхати бекор қилиниб, мазкур рўйхат бўйича давлат харидлари рақобатли усуллардан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши жорий қилинди. Бундан "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, албатта.
"Давлат харидлари тўғрисида"ги қонунга мувофиқ тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат бериш ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат хариди ижрочисининг номи аниқ кўрсатилади. Давлат хариди ижрочисининг номи аниқ кўрсатилмаган тақдирда, ушбу харидлар "таклиф сўрови" харид қилиш тартиб-таомили орқали амалга оширилади.
Тўғридан-тўғри шартномалар тузишни назарда тутувчи барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Адлия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш натижалари асосидаги хулосалари мавжуд бўлса, шунингдек, коррупцияга қарши экспертиза ўтказилган тақдирда, белгиланган тартибда қабул қилинади.
Давлат харидларида электрон дўконга оферталарни жойлаштириш муддати 15 кундан 60 кунгача узайтирилади ҳамда товарларни етказиб бериш муддати камида 5 кун этиб белгиланади.
Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида харид ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш муддатлари уларнинг қиймати ва мураккаблигидан келиб чиқиб қисқартирилади.
Бу каби чора-тадбирлар амалда тўлақонли ишлаши давлат харидлари жараёнидаги қонунбузарликларга бутунлай барҳам беради.
Норгул Абдураимова, ЎзА