АОКАда ўтказилган брифингда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Абдурауф Расуловнинг маълум қилишича, 2024 йилда 13 та эталон харид қилиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилган.
2 578 та халқаро стандартнинг Жаҳон савдо ташкилотининг Савдодаги техник тўсиқлар тўғрисидаги битим талабларига мувофиқлиги кўриб чиқилди.
Бугунги кун ҳолатига 1 369 та халқаро ва Европа стандартлари учун уч томонлама шартномалар расмийлаштирилди. Имзоланган шартномага асосан ой бошидан 28 та ва йил бошидан 78 та стандартларни таржима қилиш, экспертиза қилиш ҳамда амалга киритиш ишлари олиб борилди. 340 та халқаро стандарт қабул қилиниб, Миллий стандартларнинг халқаро стандартлар билан уйғунлашиш даражаси 30 фоизга етказилди.
Латвия, Корея, Хитой, Словакия давлатлари, АҚШ, Германия, Кореянинг KOICA, Туркиянинг TIKA ташкилотлари, Халқаро савдо маркази, Халқаро электротехника комиссияси, Халқаро стандартлаштириш ташкилоти, Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти билан ҳамкорлик тўлақонли йўлга қўйилди.
Яна бир маълумот, Глобал сифат инфратузилма индекси рейтингидаги юқори 50 та давлатнинг 11 таси (АҚШ, Англия, Япония, Аргентина, Туркия каби) билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликка қаратилган ҳужжатлар имзоланди.
Маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида халқаро менежмент тизимлари жорий этилган корхоналар сони 1,5 мингтага етказилди.
Шунингдек, илк бор квант метрологияси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ишлар бошланади. Миллий эталонлар базаси қўшимча 9 та эталонга кенгайтирилади. Маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги 30 та техник регламент амалиётга жорий қилинади.
Қолаверса, маҳаллий саноат ва экспортёр корхоналарга халқаро стандартларда ҳамда хорижий давлатларда маҳсулот ва хизматларга белгиланган талабларни кенгроқ таништириш мақсадида электрон мобил платформа орқали 45 000 та корхонада сўровнома ўтказилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА