Бугунги кунда электр энергияси ва табиий газ истеъмоли юзасидан шаффофликни таъминлаш, истеъмолчиларга қулайлик яратиш, дебитор қарздорликни камайтириш ҳамда инсон омилисиз ҳисоб-китоб тизимини йўлга қўйиш мақсадида автоматлаштирилган тизим жорий этилмоқда.
Мазкур тизим соҳадаги кўплаб муаммоларга ечим бўлди, турли хил коррупциявий ва қонунга зид ҳолатларнинг олдини олди. Бугунги кунда юртимизда электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими бир мунча изга тушиб қолди. Табиий газ таъминотида эса янги тизимни жорий этиш бўйича ишлар давом этмоқда. “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан аҳоли хонадонларида “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда.
– Эски газ ҳисоблагичларни янгисига алмаштиришда зарур бўладиган эҳтиёт қисмлар ва бошқа ускуналарнинг барчаси “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти маблағлари ҳисобидан қопланади, – дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали бошлиғининг биринчи ўринбосари Ваҳоб Ҳалимов. – Ўтган 2022 йилда филиалимизнинг шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан хонадонларда 158 минг 364 дона “ақлли” ҳисоблагич ўрнатилди. Бу жараён айни кунларда ҳам давом этмоқда. Жорий йилнинг январь ойида 3 мингдан ортиқ шундай ҳисоблагичлар ўрнатилди. “Ақлли” ҳисоблагичларнинг 2 минг 309 таси Самарқанд шаҳридаги аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига қўйилди. Айни пайтда бу жараён давом этмоқда ва тезроқ якунига етказиш чораларини кўряпмиз.
Мутасаддининг айтишича, айрим ҳолларда истеъмолчилар томонидан янги ҳисоблагич ўрнатишдан бош тортиш, тармоққа ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳам учрамоқдаки, бундай ҳолатларда тегишли идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА