Ўтган йилда фармацевтика соҳасида амалга оширилган тизимли ислоҳотлар фақат дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва сифатини баҳолаш билан чекланмади. Фармакопея қўмитаси ҳузуридаги Илмий ва экспертлар кенгаши фаолияти доирасида шаклланган ёндашувлар, айниқса, хавфи юқори бўлган моддалар — гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласини тартибга солиш соҳасида ҳам ўз ифодасини топди. Бу йўналишда давлат назоратининг кучайтирилиши фармацевтика хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим таркибий қисми сифатида намоён бўлди.
Сўнгги йилларда республикада гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласини қатъий назорат қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, тиббиёт, фармацевтика ва ташқи савдо соҳаларида ушбу моддалар билан боғлиқ фаолият ҳажми кенгайиб бораётган бир пайтда, уларнинг қонуний, хавфсиз ва шаффоф муомаласини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
«Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегияни амалга ошириш юзасидан 2024-2025 йилларга мўлжалланган миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги чора-тадбирлар режасини амалга ошириш доирасида 2025 йил якунлари Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси томонидан ушбу йўналишда ёндашувлар тубдан янгиланганини кўрсатди. Назорат механизмларининг рақамлаштирилиши, лицензиялаш талабларининг кучайтирилиши ҳамда профилактик ишлар ҳудудлар кесимида олиб борилиши соҳада тизимли ва комплекс қараш шаклланаётганидан далолат беради.
2025 йил давомида Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси томонидан республика ҳудудига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб кириш ҳамда ҳудуддан олиб чиқиш бўйича жами 108 та сертификат расмийлаштирилди. Ушбу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан сезиларли даражада ошгани билан эътиборга лойиқ.
Бу ўсиш назоратнинг сусайганини эмас, балки мазкур йўналишда тартиб-таомиллар аниқ белгиланганини ва жараёнларнинг очиқлиги таъминланаётганини кўрсатади. Мутахассисларнинг фикрича, сертификатлаштириш механизмларининг фаол ишлаши ноқонуний муомалага қарши самарали фильтр вазифасини бажармоқда.
2025 йил гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласи билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш соҳасида муҳим бурилиш йили бўлди. Илгари анъанавий тартибда амалга оширилган лицензиялаш жараёнлари махсус электрон тизим орқали юритила бошланди.
Натижада электрон тизим орқали 364 та лицензия берилди, 100 дан ортиқ лицензия комиссияси йиғилишлари ўтказилди ҳамда 106 та ҳолатда аризалар рад этилди. Рад этилган 106 та ариза аризачилар томонидан тўғриланиб, қайта тақдим этилди. Бу ҳолат лицензиялаш талабларининг кучайганини, шунингдек, соҳада фақат белгиланган меъёр ва стандартларга тўлиқ жавоб берадиган субъектларгагина рухсат берилаётганини кўрсатади.
Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси фаолиятида текширув ва назорат тадбирлари билан бир қаторда тушунтириш ва профилактика ишлари ҳам муҳим ўрин эгаллади. 2025 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда жами 172 та даволаш-профилактика муассасаларида ўрганиш ишлари олиб борилди ҳамда 11 та сайёр семинар ташкил этилди. Ушбу семинарларда 1707 нафар мутахассис иштирок этди.
Тадбирлар давомида аниқланган камчиликлар бўйича масъул ходимларга амалий тушунтиришлар берилди, меъёрий ҳужжатлар талаблари батафсил шарҳлаб ўтилди. Бу эса соҳада фақат текширув ва жазога асосланган эмас, балки ҳамкорлик ва профилактикага йўналтирилган ёндашув шаклланаётганини кўрсатади.
2025 йил якунлари шуни кўрсатадики, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар муомаласини тартибга солиш соҳасида давлат назорати сифат жиҳатидан янги босқичга чиқмоқда. Фармакопея қўмитаси фаолиятида кузатилган тизимли ва сифатга йўналтирилган ёндашув ушбу соҳада ҳам ўз ифодасини топиб, хавфсизлик, қонунийлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Натижада тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида хавфи юқори бўлган моддалар билан ишлашда масъулиятли, назорат қилинувчи ва барқарор фаолият муҳити шаклланиб бормоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА