«Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва унинг тизимидаги корхоналар электр энергиясини ишлаб чиқаришда асосий генерация тармоғи ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу тармоқ корхоналарининг юртимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясидаги улуши 70 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда.
Хўш, 2023 йилда «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ишлаб чиқариш бўйича қандай кўрсаткичларга эришди? Мазкур ташкилотнинг йил сарҳисоби қандай бўлди ва жорий йилги режаларида устувор вазифалар нималардан иборат?
«Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сардор Исакулов ушбу саволларга қуйидагича жавоб берди:
– Айтиш жоизки, жамиятимиз томонидан 2023 йилда белгиланган режалар бўйича қатор кўрсаткичларга эришилди. Хусусан, ўтган йил давомида «Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан 54,2 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу режага нисбатан 1,4 миллиард киловатт соатга кўп бўлиб, қўйилган вазифа 102,6 фоизга бажарилди.
Инвестиция лойиҳалари доирасида 622,63 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди. Бунда белгиланган режа ижроси 100,1 фоизни ташкил этди. Инвестиция дастури доирасида замонавий энергия тежамкор қурилмаларни жорий этиш мақсадида "Талимаржон ИЭС" АЖда 1065 МВт қувватга эга буғ-газ қурилмасини қуришга старт берилди. Ҳозирги кунда «Тошкент ИЭМ»да 64 МВтга тенг иккита газ турбинаси қурилмалари ишга туширилиш арафасида турибди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IGAP2hC3T08" title="Oʻtgan yil elektr energiyasini ishlab chiqarish 102,6 foizga bajarildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Иссиқлик электр станцияларини 2023/2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида жами 53 та энергия қурилмаларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада энергия қурилмаларнинг мавжуд қуввати 209 МВт ҳамда қозон қурилмаларининг ишлаб чиқариш қуввати 483 тонна/соатга оширилишига эришилди. Шунингдек, пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги «Чилонзор-5» ва Шайхонтоҳур туманидаги «Ғарбий-3» сонли иссиқлик марказлари қозонхоналари модернизация қилинди. Чилонзор туманининг Оқтепа ва Боғзор маҳаллалари ҳудудида янги энергия тежамкор когенерация қурилмаси барпо этилди. Бу ерда 4,6 МВт электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган 2 та газ-поршень қурилмаси ҳамда 25,4 Гкалл иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи 2 та Bosch қозонлари ўрнатилди. Натижада иссиқлик тармоқларидаги йўқотишлар 90 фоизга камайтирилишига, қўшимча йилига 32 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига ҳамда 1 миллион метр куб табиий газни тежаш имконияти пайдо бўлди.
Акциядорлик жамиятида корпоратив бошқарув ва стратегик ривожланиш йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ташкилотимиз жаҳонда ривожланган компаниялар қаторида республикада биринчилардан бўлиб, ISO 27001 (ахборот хавфсизлиги), ISO 44001 (корпоратив бошқарув) ҳамда ISO 50001 (энерго тизим бошқаруви), ISO 45001 (меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги), ISO 14001 (экологик хавфсизлик) халқаро сертификатларини қўлга киритди. Катта тўртлик ташкилотлари сарасига кирувчи «Deloitte» ва «KPMG» халқаро аудиторлик компаниясининг тегишли хулосаларига кўра, 2023 йилнинг 11 январида «Fitch Rating» халқаро рейтинг агентлиги акциядорлик жамиятининг халқаро индикатив рейтингини «ББ-» «Барқарор» даражада баҳолади ва Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингига тенг даражада эълон қилди. Шу билан бирга, жамиятнинг корпоратив бошқарув тизимини 2023 йил якуни бўйича баҳолаш натижасига кўра, 784 балл берилди ва жамиятда корпоратив бошқарув тизими ҳолати «юқори» деб эътироф этилди.
Таъкидлаш керакки, кадрлар салоҳиятини ошириш бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Шу мақсадда 2023 йилда жамият ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаларини ошириш бўйича йиллик режа-жадвал ишлаб чиқилди. Унга асосан йил давомида 2 минг 500 га яқин ходимнинг малакаси оширилди. Шунингдек, ўтган йилнинг декабрь ойида жамият ва тизим корхоналарининг 48 нафар ходими Япония, Германия, Италия, БАА, Туркия, Хитой, Россия Федерацияси ҳамда Тожикистон давлатларида ташкил этилган турли халқаро форум ва семинарларда малака ошириб қайтди. Бу эса уларнинг халқаро тажрибани ўрганиши ва ўз ишига бўлган масъулиятни янада оширишга хизмат қилади.
Жорий йилги режаларга келсак, ишлаб чиқаришда юқори кўрсаткичларга эришиш, модернизация ишларини олиб бориш ва инвестиция лойиҳалари бўйича белгиланган топшириқларни ўз вақтида бажариш асосий вазифаларимиздир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.