Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтган йил давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида қандай муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди?
14:41 / 2026-01-29

Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири бўлиб, мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.

Табиий-иқлим шароитларининг хилма-хиллиги, суғориладиган ер майдонларининг мавжудлиги ҳамда кўп асрлик деҳқончилик анъаналари ушбу соҳанинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, балки қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш, саноат тармоқлари учун хомашё базасини кенгайтириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Соҳада  бажарилаётган ислоҳотлар, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва фермер ҳамда деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш орқали миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишига эришиш мақсад қилинган.

Хўш, ўтган йил давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида қандай муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди? Меҳнат ва ислоҳот уйғунлиги қай тартибда кечди? 

Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари  Қаҳрамон Юлдашев билан суҳбатимиз ана шулар ҳақида бўлди.

– Бугунги кунда соҳа барқарор ривожланиш, самарадорликни ошириш ва замонавий ёндашувларни жорий этишни талаб этмоқда, – дейди  Қаҳрамон Юлдашев. – Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамиша долзарб бўлган. Хусусан,  ўтган йилда озиқ-овқат саноатида 142,2 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, ўсиш 107 фоиздан иборат  бўлди. Соҳада 1,3 миллион нафар доимий ва мавсумий иш ўрни яратилди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 517,5 триллион сўмни (ўсиш 104,1 фоиз) ташкил этди. 243,3 триллион сўмлик (104,3 фоиз) деҳқончилик ва 249,3 триллион сўмлик (103,8  фоиз) чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилди,  9,2 миллион  тонна дон ва дуккакли дон, қарийб 4 миллион тонна пахта,  19,5 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, полиз ва картошка, 5,3 миллион тоннадан ортиқ мева ва узум, 3 миллион тоннадан ортиқ гўшт ва 13 миллион  тонна сут ҳамда 30 минг тонна пилла етиштирилиб, улкан хирмон яратилди. 

Аграр ва озиқ-овқат соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва барқарор ривожлантириш бўйича 71 та норматив ҳужжат қабул қилинди. Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи органлар ва  уларнинг ваколати, озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан кўриладиган чоралар, озиқ-овқат балансини шакллантириш тартиби, бундан ташқари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилишни амалга оширишни мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб, Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасининг фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги суғуртасини ташкил этиш тартиби, қишлоқ хўжалиги суғуртасини амалга ошириш шартлари ва тартиби, қишлоқ хўжалиги суғуртаси ҳодисалари бўйича зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби белгиланди.

Агропортал қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар учун соҳада хизмат кўрсатишнинг “ягона нуқтаси” сифатида эътироф этилди, шунингдек, Агропортал орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ҳам кўрсатилиши, “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” МЧЖ қишлоқ хўжалиги соҳасини рақамлаштириш йўналишида ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона оператор бўлди.

Фермер ва деҳқонларнинг кафолатли иқтисодий барқарорлигини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди. Қолаверса, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларининг олдини олиш мақсадида экинлар ҳосилини суғурталаш механизми жорий этилмоқда ва 2026 йилда суғурта мукофотининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади. Бунинг учун, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалиги суғурта жамғармаси ҳамда аграр ва озиқ-овқат соҳаларига ажратилган субсидиялар самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш мақсадида Аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш агентлиги ташкил этилди.

Натижада, қишлоқ хўжалиги субъектларига субсидия ажратиш жараёни 4 босқичдан  2 босқичга ва муддати 31 кундан  21 кунга қисқаришига эришилади. Яна шуни алоҳида қайд этишим лозимки, қишлоқ хўжалиги ерларида сув тежовчи технологияларни қўллаш кўлами 2,6 миллион гектарга етказилди. 2025 йилнинг ўзида 271 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинди ҳамда 610 минг гектар лазерли текисланди ва 2,5 миллиард м3 сув иқтисод қилинди. Олиб борилган тизимли ислоҳотлар натижасида сўнгги уч йилда гумус миқдори кам бўлган майдонлар 2,5 миллион гектардан 1,5 миллион гектаргача, хусусан жорий йилнинг ўзида 381 минг гектар камайтирилди, ер бозор активига айланди, ер ҳуқуқини бошқа шахсга бир йўла ёки бир қисмини ўтказиш (иккиламчи ижара) амалиёти жорий этилди. 

85 минг гектардан ортиқ майдон қайта фойдаланишга киритилиб, озиқ-овқат экинлари етиштирилди. Иқлим ўзгаришларига мослашиш ҳамда салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 2 та катта Миллий дастур қабул қилинди ва 294 миллион доллар Оролбўйи минтақаси ҳамда қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши билан боғлиқ лойиҳалар учун йўналтирилди. Соҳага халқаро молия институтлари маблағларини кенг жалб қилиш ҳамда маблағлардан самарали фойдаланиш мақсадида лизинг хизматларини молиялаштириш тизими жорий этилди.  Халқаро молия институтларининг 200 миллион доллар маблағи лизинг хизматига йўналтирилиб, меҳнаткаш фермеру-деҳқонларга 4,8 мингдан ортиқ техника, умуман олганда 5,2 триллион сўмлик 9,5 мингдан ортиқ замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва агрегатлари етказиб берилди.

Далаларимизда илм-фан ютуқлари ва илғор халқаро тажрибалар кенг жорий қилинмоқда. 

75 та мева-сабзавотларни қайта ишлаш, 35 та гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, 19 та ёғ-мой саноати, 61 та қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, 29 та салқин ичимликлар ишлаб чиқариш, 120  та ун, нон ва макарон маҳсулотлари, 10 та агрологистика маркази, 44 та совиткичли омборхона ва 38 та бошқа йўналишлардаги янги лойиҳалар ишга туширилди. Натижада қайта ишлаш даражаси мева-сабзавотда 15,3 фоизга, гўштда 16 фоизга, сут маҳсулотларида 22 фоизга етказилди. Маҳсулотлар табиий ва ширин бўлгани учун четда жуда қадрланади. Ташқи бозорда “Ўзбекистонда етиштирилган” деган бренд шаклланди. 

Айниқса, қуритилган олхўри ва ўрик, шафтоли, майиз, гилос  ва дуккакли маҳсулотлар экспорти бўйича юртимиз дунёда юқори ўринларни эгалламоқда. Қайта ишланган мева концентратлари, янги турдаги шок  ва сублимация қилинган маҳсулотлар халқаро бозорларда тан олинмоқда. Экспорт географияси 14 та давлатга кенгайтирилиб, 97 та давлатга 3,2 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. 82 дан ортиқ маҳаллий экспортёрлар Хитойнинг махсус экспорт реестрига киритилди. 8 та давлатга 36 та маҳсулот экспорти учун фитосанитар рухсат олинди ва жами 646 тага етказилди. Бу йилда қарийб 2,2 миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги ҳамда 1 миллиард долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти амалга оширилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича самарали ишлар олиб борилди. Пахта етиштирувчилар ва пахта тўқимачилик кластерлари ўртасида бозор муносабатлари янада такомиллаштирилди. Фермерлар етиштирган пахтани ўзи хоҳлаган кластерга биржада сотиш (фьючерс, форвард ва спот) йўлга қўйилди. Фермерларнинг 2024 йилгача мавжуд солиқ қарздорлигига ҳисобланган 1,0 триллион  сўм пенялар ҳисобдан чиқарилди. Қишлоқ хўжалиги корхоналарига (пахта-ғаллачиликдан ташқари) қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) “ноль” қийматда белгиланди. 

Иссиқхоналарга мавжуд солиқ қарзлари тўлови 2028 йил якунигача узайтирилди ҳамда 2029 йилнинг ҳар чорагида тўлаш тизими жорий этилди. 2026 йил 1 январдан 2028 йил якунигача ижтимоий солиқ ставкаси  1 фоиз этиб белгиланди.  2025 йил давомида вазирлик томонидан маҳсулот етиштирувчиларга  419 млрд. сўм миқдорда субсидиялар ажратилди. Ҳудудларда 145 минг тонна қувватдаги 10 та агрологистика маркази ҳамда 26 минг тонна қувватдаги 44 та совиткичли омборлар ишга туширилди, агрологистика қуввати 1 млн. 442 минг тоннага, совиткичлар қуввати 1 млн. 362 минг тоннага етказилди. Чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш мақсадида аҳоли ва фермер хўжаликларидаги 2,5 млн. бош сигир ва таналар сунъий уруғлантирилди. Наслчиликни яхшилаш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун четдан 217 минг бош қорамол ва 281 минг бош қўй-эчки келтирилди.

Хулоса қилиб айтганда, қишлоқ хўжалигида амалга оширилган ислоҳотлар ва лойиҳалар соҳанинг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда. Замонавий технологияларни жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда фермер ва деҳқонларни қўллаб-қувватлаш натижасида ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот сифати сезиларли даражада ошди. Бу эса аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга мустаҳкам замин яратади.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА