Бизнес муҳитининг асосий кўрсаткичлари бўйича ўтказилган комплекс мониторинг ҳудудларда иқтисодий фаоллик кенгайганини кўрсатмоқда. Бу ўсиш фискал (солиқ) тушумлари, банк кредитлари ажратилиши, ташқи савдо айланмаси ва корхоналар сонининг ортиши ҳисобига таъминланди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг 2025 йил учун ишбилармонлик фаоллиги мониторингини тақдим этди. Таҳлил Солиқ ва Божхона қўмиталари, Марказий банк ҳамда Республика товар-хомашё биржасининг тезкор маълумотлари асосида тайёрланди.
Йил якунларига кўра, солиқ тушумлари барқарор ижобий динамикани кўрсатди ва ўтган йилга нисбатан 24,3 фоизга ўсди.
Солиқ тушумларининг энг сезиларли ўсиши Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилди. Бу ерда ўсиш суръатлари ўртача тахминан 40 фоизни ташкил этди.
Республика бўйича даромад солиғи тушумлари 19,9 фоизга, мол-мулк солиғи 17,8 фоизга, ер солиғи эса 22,25 фоизга ошди.
Божхона тўловлари йиллик ҳисобда 20,8 фоизга кўпайди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё вилоятида 52,5 фоиз кузатилди.
Барқарор ижобий динамика, шунингдек, Жиззах, Тошкент, Навоий ва Наманган вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди, ушбу ҳудудларда тушумлар ўртача 30,7 фоизга ўсди.
Ташқи иқтисодий кўрсаткичлар таҳлилига кўра, товарлар экспорти 17,5 фоизга ошди. Экспорт етказиб беришнинг энг сезиларли ўсиши Сурхондарё вилоятида деярли 80 фоизни, шунингдек, Самарқанд вилоятида 30 фоизни ташкил этди.
Шу билан бирга, кредитлаш ҳажмида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Йил давомида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 35,8 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Сирдарё (71,1 фоиз), Самарқанд (46,6 фоиз), Андижон (43,8 фоиз) ва Бухоро вилоятларида (43,2 фоиз) қайд этилди.
Шунингдек, Наманган ва Навоий вилоятларида кредитлашнинг ўсиш суръатлари 38 фоиздан юқори бўлди.
Хусусий секторнинг фаол ривожланиши янги хўжалик юритувчи субъектлар сонининг сезиларли даражада ортгани билан тасдиқланади. 2025 йилда 79 655 та янги корхона рўйхатга олинди. Бу эса ишбилармонлик муҳитининг ижобий эканидан далолат беради.
Энг кўп янги тадбиркорлик субъектлари Тошкент шаҳрида (18 324 та) рўйхатга олинган. Ҳудудлар орасида Тошкент (8 366 та), Хоразм (6 483 та), Самарқанд (6 314 та) ва Фарғона (6 163 та) вилоятлари етакчи бўлди.
Йил давомида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 22,3 фоизга ошди. Биржа фаоллигининг ўсиши мамлакатнинг аксарият ҳудудларида, айниқса, Бухоро вилоятида кузатилди ва у ерда фаоллик 46,9 фоизга ортди. Шунингдек, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах ва Фарғона вилоятларида ўртача 36,5 фоизлик ўсиш қайд этилди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади,
ЎзА