Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш, педагог кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда тизимда фаолият кўрсатаётган 62 минг нафар педагог ходимларнинг 6900 нафарга яқини (11 фоизи)ни олий тоифали, 11 минг 782 нафари (19 фоизи)ни биринчи тоифали ўқитувчилар ташкил қилмоқда.
Шу билан бирга мутахассис тоифасидаги педагоглар 21 минг 626 нафар (35 фоиз) ва тоифасизлар 6868 нафар (11 фоиз) қолмоқда.
Бу кўрсаткичлар педагог кадрларнинг салмоқли қисми касбий ривожланиш жараёнида эканини, шу билан бирга, тоифаларни ошириш ва малака даражасини юксалтиришга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатади.

– Бугун ўқитувчининг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланди, унга муносабат ўзгарди, – дейди Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Рустам Йўлдошев. – Бу фақат сўзда эмас, амалда педагогларни ижтимоий муҳфаза қилиш, моддий қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда ҳам ўз аксини топмоқда. Фақат бунда кўп нарса ўқитувчининг ўзига боғлиқ бўлмоқда, яъни доимий изланишда бўлган, билимли, тажрибали ва ҳаётини мактабга, ўқувчиларга бағишлаган муаллим давлатимиз раҳбари айтганидек, 1000 доллардан ортиқ маош оляпти, бир қатор имтиёз ва имкониятлардан фойдаланмоқда. Илгари ўқитувчи 5 йилда бир марта аттестация топширарди ва ундан муваффақиятли ўтса, тоифаси ошарди. Энди эса истаган пайтида аттестациядан ўтиб, тоифасини кўтариши ва шунга яраша маош олиши мумкин. Бундан ташқари, вазир устамаси, ўқувчилари фан олимпидаси ёки халқаро танловлар ғолиби бўлса қўшиладиган устамаси бор, ўз фани бўйича миллий сертификатни қўлга киритса ҳам ойлигига қўшимча қўшилади. Ана шундай имкониятлар туфайли ҳозирда вилоятимиздаги мактаб ўқитувчиларининг 7-8 фоизи бир минг АҚШ долларидан ортиқ ойлик оляпти. 88 нафар ўқитувчи вазир устамасига сазовор бўлган. Ўтган йил давомида 876 нафар педагог ходим юқори натижаларга эришиб, 70 фоизлик устама олиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Лекин аттестация натижалар ҳамма вақт ҳам қувонарли бўлаётган эмас. Хусусан, ўтган йил педагог ходимлар учун икки маротаба аттестация ташкил этилди. Унда қатнашган 37 минг 783 нафар педагог ходимдан 12739 нафари муваффақиятли ўтиб, ижобий натижа қайд этган бўлса, 7366 нафари салбий натижа кўрсатди. 17678 нафар педагог 56 дан паст балл тўплаб, аттестациядан ўта олмади.
Айни пайтда мактаб ўқитувчиларидан бу йилги дастлабки аттестация жараёнлари учун ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Бу электрон тизим орқали амалга оширилмоқда ва шу йилнинг 1 мартига қадар давом этади. Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси педагог ходимларни аттестацияга тайёрлаш, уларга методик ва амалий ёрдам кўрсатиш борасида зарур чора-тадбирларни кўрмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири