Мамлакатимизда қурилиш саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳада ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бораётгани, замонавий технологиялар асосида янги қувватларнинг ишга туширилаётгани ҳамда маҳаллийлаштириш даражасининг ошиб бориши бунинг яққол исботидир.
Шу билан бирга, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, ички бозордаги талабни тўлиқ қондириш ва энергия самарадорлигини ошириш борасида ҳам амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ишлаб чиқаришда замонавий ва кам энергия сарфлайдиган ускуналардан фойдаланиш, корхоналарда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда йўқотишларни қисқартириш орқали юқори самарадорликка эришилмоқда.
Натижада қурилиш материаллари саноатининг рақобатбардошлиги юксалмоқда ва соҳага инвестициялар жалб этиш имкониятлари янада кенгаймоқда. Бу эса нафақат иқтисодий ўсишни таъминламоқда, балки экологик барқарорлик ва ресурслардан оқилона фойдаланишни ҳам рағбатлантирмоқда.
[gallery-24440]
Амалга оширилган ишлардан келиб чиқиб, соҳанинг ўтган олти ойлик натижалари ҳақида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси бошқаруви раиси Илёс Раҳимов қуйидагиларни маълум қилди:
– Кейинги 5 йилда мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижобий ислоҳотлар туфайли қурилиш материаллари саноати жадал суръатларда ривожланди. Ҳозирда мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 10 мингдан ортиқни ташкил этади. Илм-фан ютуқларидан оқилона фойдаланиш натижасида маҳсулот тури 100 тага етказилди.
Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 52 триллион сўмга, экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш, соҳада 2,4 миллиард долларлик инвестицияларни ўзлаштириш ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида 4,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида 26 триллион сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди. Бу эса 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 114 фоизлик ўсишни ташкил этди.
Соҳада жорий йилда қиймати 2,4 миллиард долларга тенг инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши натижасида 16,2 минг нафар янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида ҳозиргача 1 миллиард 185 миллион доллар миқдорида инвестиция ўзлаштирилди, шу жумладан 281 миллион долларлик 101 та лойиҳа ишга туширилиб, 2 977 та янги иш ўрни яратилди.
Давлат инвестиция дастурига асосан уюшмага бириктирилган лойиҳалар доирасида эса 150,2 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди.
Ҳисобот даврида 26 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, унда 4 та янги турдаги, юқори қўшилган қийматли, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Шунингдек, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми 2,3 триллион сўмни ташкил этди. Январь-июнь ойларида 10,1 миллион тонна цемент, 21 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 33 миллион квадрат метр керамик плитка ва керамогранит, 50 миллион квадрат метр гипсокартон плиталари ишлаб чиқарилди.
Экспорт йўналишида ҳам ижобий натижалар қайд этилди — умумий 428,4 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Жумладан, Россияга 107 миллион доллар, Қозоғистонга 94,7 миллион доллар, Қирғизистонга 64,4 миллион доллар, Тожикистонга 53,7 миллион доллар, Озарбайжонга 9,7 миллион доллар ва Туркманистонга 9,3 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
Маркетинг ва ташқи бозор тадқиқотларини янада самарали ташкил этиш мақсадида “Ernst&Young” халқаро консалтинг компанияси жалб этилди. Унинг амалий тажрибаси орқали Шимолий Америка, Россия ва Кавказ, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Марказий Осиё ва Европа қурилиш материаллари бозорини таҳлил қилиш ҳамда янги экспортбоп бозорларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йил Тошкент вилояти Зангиота туманида “Jahon invest plast” МЧЖ томонидан қурилиш бочкалари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси доирасида 15 миллион доллар, Сурхондарё вилояти Термиз туманида “Surxon sendvich” МЧЖ томонидан базальтдан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш бўйича ҳам 15 миллион доллар хорижий инвестиция ва кредит ўзлаштирилди.
Белгиланган режаларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳудудлардаги инвестиция лойиҳалари доимий ўрганиб борилмоқда.
2025 йилда 193,8 миллион долларлик 19 та йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, уларда маҳаллий контент улуши 32 фоиз ёки 62,8 миллион долларни ташкил этади. Хусусан, 48,4 миллион доллар қурилиш материаллари ва 13,8 миллион доллар қурилиш хизматлари маҳаллий манбалар ҳисобига тўғри келади.
Келгуси йилларда эса металл, ПВХ маҳсулотлари, пардозбоп тош, бетон ва темир-бетон маҳсулотлари ҳамда оҳак ишлаб чиқариш лойиҳаларида маҳаллий асбоб-ускуна ва жиҳозлар улушини 51 фоизга етказиш режалаштирилган.
Экологик йўналишда ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Қурилиш материаллари саноатидаги атроф-муҳитга юқори ва ўрта даражада таъсир этувчи корхоналар томонидан “Яшил белбоғ”ларни ташкил этиш бўйича 2025 йил баҳор-куз мавсуми учун “Йўл харитаси” тасдиқланган.
2025 йил 1 июнь ҳолатига кўра, 989,2 гектар ер майдонига 1,16 миллион туп манзарали, мевали ва бута кўчатлари экилди.
Шу билан бирга, энергия самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам белгиланган режа асосида ўз вақтида ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА