Мьянма хавфсизлик хизмати шанба кунги намойишда 107 кишини, жумладан етти нафар болани ўлдирган, дейилади БМТнинг геноцидларнинг олдини олиш бўйича махсус маслаҳатчиси Элис Ндериту ва БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет биргаликда берган баёнотда.
Аммо баёнотда ушбу рақамлар қаердан олингани айтилмаган.
«Ўтган шанба куни давлат тўнтаришига қарши норозилик намойишлари бошланганидан буён энг қонлиси бўлди», – дейилади баёнотда.
Баёнот берувчиларнинг таъкидлашича, ўлим ҳолатлари бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Яна юзлаб номойишчилар жароҳатланган ва ҳибсга олинган, «чамаси ҳужумлар мувофиқлаштирилган ҳолда мамлакатнинг 40 дан ортиқ жойида амалга оширилганга ўхшайди», дейилади баёнотда.
«Ҳарбийлар ва полициячиларнинг қўрқоқларча ва шафқатсизликларча ҳаракатлари видеога олинган. Улар намойишчиларга қарата ўқ узишган, ҳатто болаларни ҳам аяб ўтирмаган. Бу ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши керак. Халқаро ҳамжамият Мьянма халқини ушбу жиноятдан ҳимоя қилиши керак», – деб баёнот берди Бачелет ва Ндериту.
Мьянманинг кўплаб шаҳрида ҳарбий ҳукуматга қарши ҳар куни халқнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Норозилик ҳаракатларини бостириш учун ҳарбий ҳукумат оломонни назорат қилиш воситаларидан фойдаланган ҳолда жанговар қуролларни ишга солмоқда.
Ҳозиргача Мьянма полицияси ҳамда ҳарбийлари томонидан ҳалок бўлган фуқаролар сони 423 кишига етди, дейилади хабарда.