Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан 2016-2023 йилларда тўқимачилик соҳасида товарлар экспортининг диверсификациялашув даражаси ҳамда экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушининг ўзгариши таҳлил этилди.
Бу ҳақда МҲТИ етакчи мутахассиси Ибодатхон Адашалиева қуйидагиларни гапириб берди:
– Айтиш жоизки, ушбу даврда тўқимачилик соҳаси бўйича яхши ўзгаришлар қайд этилди. Хусусан, 2016-2023 йиллар оралиғида тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажми 2 баробар ошди. 2023 йилда бу кўрсаткич 3,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг умумий экспортдаги улуши эса 2016 йилдаги 13,1 фоиздан 2021 йилда 18,9 фоизга етди.
2022-2023 йилларда соҳанинг экспорт ҳажми 2021 йилдагига нисбатан мос равишда 4,2 фоиз (2022) ва 0,6 фоиз (2023) ўсган бўлишига қарамасдан, умумий экспортдаги улуши пасайиб, 17 фоиз (2022) ва 13 фоиз (2023) ни ташкил этди.
Маҳсулотлар кесимидаги диверсификацияга келсак, бу йўналиш йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Ўрганилган 8 йил мобайнида мамлакат тўқимачилик соҳаси экспортининг диверсификациялашуви паст бўлган экспорт бозоридан диверсификациялашуви ўртача бўлган бозорга айланди.
Пахта толаси экспорти ҳажми 2016 йилдаги 637 миллион АҚШ долларидан 2023 йилда 70 минг АҚШ долларигача пасайди. Пахтадан йигирилган ипларнинг тўқимачилик саноати экспортидаги улуши эса 2021 йилдаги 51,1 фоиздан 2023 йилда 37,9 фоизгача қисқарди. Ушбу ўзгаришлар тўқимачилик саноатининг тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш босқичига тез суръатларда ўтаётганини кўрсатади. Хусусан, 2016-2023 йилларда машина ёки қўлда тўқилган трикотаж матолари, кийим-кечак предметлари, машина ёки қўлда тўқилган трикотаж ва кийим предметлари каби тайёр маҳсулотларнинг экспортдаги улуши ошди.
Мамлакатлар кесимида диверсификация даражаси пасайиб бораётганини кўрсатади. Бунга тўқимачилик маҳсулотлари экспортида Россиянинг улуши 2016 йилдаги 29 фоиздан 2023 йилда 45 фоизга ортгани сабаб бўлди. Мамлакатлар кесимида индекс қиймати ёмонлашганига қарамай, тўқимачилик соҳаси ушбу даврда диверсификациялашувнинг ўртача даражасини сақлаб қолди. 2023 йилда тўқимачилик маҳсулотларининг асосий экспорт бозорида Россиядан кейинги ўринларни Хитой, Туркия, Қирғизистон ва Эрон эгаллади. Ўзбекистон 2021 йилда GSP+ тизимига аъзо бўлди ва кейинги 3 йилда Европа Иттифоқига тўқимачилик маҳсулотлари экспортини сезиларли даражада оширди. Бу 2020 йилда 76,4 миллион АҚШ доллар, 2022 йилда эса 178,5 миллион АҚШ долларни ташкил этди. Бироқ 2023 йилда экспорт ҳажми 14 фоизга камайди ва 152,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Хулоса шуки, келгусида Ўзбекистон Европа Иттифоқида талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва экспорт салоҳиятини янада ошириш зарур. Бу орқали Ўзбекистоннинг экспорт диверсификациясини кучайтириш ва янги бозорларни эгаллаш имконияти кенгайиб боради.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.