“Иссиқлик электр станциялари” АЖ таркибидаги электр станциялари томонидан 2023 йилнинг январь-ноябрь ойлари бўйича 48,9 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Бу режага нисбатан 1,1 миллиард киловатт соатга кўп бўлиб, қўйилган вазифа 102,3 фоизга бажарилди. Ушбу йил якунига қадар режага асосан 53,8 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши таъминланади.
Бугун АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди. Унда сўзга чиққан “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарма бошлиғи Ғолиб Салимёров ва жамият матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилган ишлар ва айни чоғда тизим корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнлари хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.
Унга кўра, 53 та энергия қурилмаларида мукаммал ва ўрта таъмирлаш ишлари бажарилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 мартдаги тегишли фармойишига асосан “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ тасарруфидаги Шайхонтоҳур туманидаги “Ғарбий” 3-сон иссиқлик марказида 4 - ва 5- сонли қозон қурилмаси ҳамда Учтепа туманидаги “Чилонзор” 5-сон иссиқлик марказида 3 - ҳамда 4 - сонли қозон қурилмалари тўлиқ реконструкция қилиниб, мазут ёқилғисига мослаштирилди ҳамда Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги “Оқтепа” ва “Боғзор” МФЙда когенерация қурилмалари ишга туширилди.
[gallery-15069]
–Бунда Тошкент шаҳрининг Оқтепа ва Боғзор маҳаллалари ҳудудида электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати 4,6 МВт, иссиқлик энергияси узатиш қуввати 25,4 Гкалл бўлган 2 та газ поршен қурилмаси, 2 та сув иситиш қозонлари тўлиқ иссиқлик тизими билан алоҳида исситиш пунктлари билан жиҳозланган ҳолда ўрнатилди, – деди ушбу ташкилотнинг бошқарма бошлиғи Ғ.Салимёров. – Бунинг натижасида иссиқлик тармоқларидаги йўқотишлар 90 фоизга камайтирилишига, қўшимча йилига 32 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилишига ҳамда 1 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилади. Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги қарори асосида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизим корхоналарида энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жамият матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедовнинг қайд этишича, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш ҳисобига жорий йилда тизим корхоналарига жами 15 МВт қувватлик қўёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 9,6 МВт қуёш панеллари ишга туширилиши натижасида 7,2 миллион киловатт соат электр энергияси ва бунинг учун сарфланадиган 2 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинган.
– Жорий йил сўнгига қадар режадаги қўшимча 5,4 МВт қуёш панеллари ўрнатилиши якунига етказилиб, жами қуёш панелларининг тўлиқ қуввати 15 МВтга етказилади. Натижада йилига 27 миллион киловатт соат электр энергияси ҳосил қилиниб, 5 миллион метр куб табиий газ иқтисодига эришилади. Шу билан бирга, мавжуд энергоблоклар ҳамда буғ-газ қурилмаларини оптимал юкламаларда ишлатиш, режадан ташқари ўчишлар сонини камайтириш каби тадбирлар ҳисобига 2023 йилнинг ўтган даврида 1,1 миллиард метр куб табиий газ ва 203,9 миллион киловатт соат электр энергияси тежалди, –деди М.Бекмуҳаммедов.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/hxeeCkU5oSQ" title="Oʻtgan oʻn bir oyda 48,9 milliard kilovatt soat elektr energiyasi ishlab chiqarildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА