Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтган олти ой давомида 104 нафар вояга етмаган бола ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган
15:06 / 2021-07-28

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига эътибор қаратилди.

 Таъкидланганидек, мамлакатимизнинг 78 фоиз ер майдони сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бўлиб, MSK – 64  ер шкаласи бўйича 6 ва ундан юқори баллик ер силкинишлари доимий равишда содир бўлиши кузатилади. Шу сабабли мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг қонуний асосларини такомиллаштириш, масъул давлат органларининг бу борадаги ваколатларини белгилаш ҳамда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш, уларнинг оқибатларини бартараф этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.  

 Бугунги кунда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги муносабатлар 20 га яқин қонуности ҳужжатлари билан  тартибга солинади ва мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган барча тадбирлар қонунчиликда назарда тутилмаган.Республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар тўплами бугунги кунда яққол етишмайди.  

 Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.  

 Қонун билан давлат органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сейсмик хавфсизликни таъминлаш борасидаги асосий вазифалари, сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектларнинг таснифи ҳамда бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини текшириш ҳамда мониторинг қилиш тартиби белгиланмоқда ва Сейсмик хавфсизликни таъминлаш объектлари аҳамиятига кўра 4 та тоифага бўлинмоқда. Қолаверса, қонун билан яна бир қатор янги тартиб, ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланмоқда.  

 Тадбирда ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.  

 Қайд этилганидек, 2021 йилнинг 6 ойида содир этилган умумий жиноятларнинг 95,3 фоизи фош этилган, қидирувдаги 1 минг 833 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 218 нафар шахс топилган.  

 Қолаверса, республикамизда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ масалага алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли 2021 йилнинг 6 ойи давомида жами 3,5 миллионга яқин, 2020 йилга нисбатан 40,8 фоизга кўп йўл ҳаракати қоидабузарлиги қайд этилган.  

 Оқибатда 3 минг 754 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 3 минг 170 нафар фуқаро жароҳатланган ва 954 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Энг ачинарлиси, 2021 йилнинг ўтган 6 ойида болалар билан боғлиқ 542 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 458 нафар бола жароҳатлангани ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлгани танқидий муҳокамаларга сабаб бўлди.  

 Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида дастлаб Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2021 йил биринчи ярмидаги ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.  

 Давлат дастурида хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги мавқеини янада оширишга қаратилган яхлит тизимни яратиш вазифаси юклатилган бўлиб, бу борада биргина ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу билан бирга, жорий йилда 6 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди ва мазкур ҳужжатлар  амалиётга самарали татбиқ этилмоқда.

Дастурнинг 19-бандига мувофиқ, Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Стратегия барча соҳаларда ҳамда даражаларда хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади. Мажлисда мазкур ҳужжат инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилишни ифода этадиган,  иқтисодий соҳада, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилиши  аҳамиятли эканлиги яна бир бор таъкидланди.  

 Шунингдек, дастурнинг 268-бандига кўра, мамлакатимизда 2021-2022 йилларда халқаро ташкилотлар билан гендер тенглик масалалари бўйича ҳамкорлик қилишга қаратилган миллий дастур яратилиб, тасдиқланди ва амалиётга татбиқ этилмоқда.  

 Муҳокамалар давомида Давлат дастуридаги ижроси кечиктириб бажарилган ҳамда тўлиқ бажарилмаган вазифалар танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, Давлат дастурининг 197-бандида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда оғир турмуш шароитида яшаётган ногиронлиги бўлган аёлларга ёрдам кўрсатиш бўйича белгиланган тадбирлар ижроси таъминланмаганлиги танқид қилинди.  

Нурилло Насриев, ЎзА