Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтган мавсумдаги аномал совуқда мураккаб вазиятда қолган маҳаллаларнинг муаммолари бартараф этилмоқда
13:21 / 2023-10-19

Президент ташрифидан сўнг...

Ўтган қиш мавсумидаги аномал совуқда Боғзор ва Оқтепа маҳаллалари Чилонзор туманидаги энг кўп муаммо кузатилган ҳудудлар сирасига кирди.

Хўш, элликта кўп қаватли уй, еттита ижтимоий муассаса ва ўнлаб тадбиркорлик шохобчалари бор бу манзилда куз-қиш мавсумида мураккаб вазият такрорланмайдими?

Президент Шавкат Мирзиёев 14 октябрь куни Чилонзор туманига ташрифи давомида куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг бориши билан танишди. Давлат раҳбарига ҳудудда ишга туширилган когенерация иншоотининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Президент ташрифидан сўнг мавзу юзасидан масъуллар билан суҳбатлашдик.

Таъкидланишича, умумий қиймати 10 миллион долларлик янги қурилма бир вақтнинг ўзида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқаради. Туркиянинг соҳадаги етакчи компанияси билан биргаликда амалга оширилган бу лойиҳага Германиядан газ-поршенлар, махсус қозонлар келтириб ўрнатилди.

– Ўтган аномал совуқда кузатилган мураккаб вазиятдан хулоса қилиниб, бу ерда тегишли чоралар кўрилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. – Давлатимиз раҳбари йил бошида бу масалаларни ҳал қилиш, когенерация иншоотини қуриш бўйича топшириқ берган эди. Бунда, аввало, шу икки маҳалланинг иссиқлик манбаларидан узоқлиги, йўқотишлар кўплиги ўрганилди. Шу бўйича амалга оширилган ишлар якунланди, Президентимиз лойиҳанинг ишга туширилишига старт берди. Қурилма соатига 4,6 МВт электр энергияси ҳамда 29 гигакалориядан ортиқ иссиқлик ишлаб чиқариш қувватига эга. 

Қурилманинг афзалликларидан бири шуки, у паст босимли табиий газда ҳам ишлайди. Ҳудуддаги элликта кўп қаватли уй, ижтимоий соҳа объектлари марказлашган тизимдан ажратиб олиниб, янги қурилма – индивидуал кафолатли иссиқлик манбасига уланди. Давлатимиз раҳбари пойтахтимиз ва бошқа катта шаҳарларнинг марказий иссиқлик тармоғидан узоқ ҳудудларида жойлашган маҳаллаларида бу каби лойиҳаларни кенг қўллаш лозимлигини таъкидлади.

Ишга туширилган когенерация иншооти одатдаги қозонхоналар сингари катта ҳудудни эгалламаган. Баҳайбат ускуналар билан жиҳозланмаган. Ҳажман ихчамлик, лекин иш кўлами олдингисидан бир неча баробар юқори бўлиши – замонавийлик белгиси. Иншоот ишга туширилиши йилига 5,3 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилиш имконини яратмоқда. Атроф-муҳитга чиқадиган ифлослантирувчи моддалар миқдори эса 60-70 фоиз камаяди. Яна бир муҳим жиҳати, оқова сув ташланмалари умуман бўлмайди.

Кафолатланган иссиқлик манбаси яратилди. Галдаги вазифа уни исроф қилмаслик, беҳуда сарфламасликдир. Масъуллар бу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

– Иссиқлик манбасини беҳуда йўқотмаслик учун қозонхонадан истеъмолчиларгача бўлган барча инфратузилма реконструкция қилинди, – дейди лойиҳа мутахассиси Шуҳрат Зокиров. – Иссиқлик магистрали алмаштирилди. Турар жой бинолари, ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик тақсимлаш пунктлари ўрнатилди. Тўлиқ ёпиқ тизим яратилди. Бошқача айтганда, ўн уч минг метрлик иссиқлик тармоқлари изоляцияли қувурларига алмаштирилди. Бу ишлар яратилган иссиқлик йўқотишларининг олдини олади.

Шунингдек, маҳаллалардаги электр энергияси билан боғлиқ масалалар бўлмаслигига ҳам аҳамият берилди. Бунинг учун мавжуд трансформаторлар алмаштирилди. Электр узатиш тармоқлари янгидан тортилди. Бир қатор кўп қаватли уйлар томига қуёш панеллари ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш ишлари давом этмоқда.

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбири