Ўтган икки кунда энергетика тизимига 3,1 миллиард сўм қийматда зарар келтирилган
Президентимизнинг жорий йил 12 декабрдаги қарорига мувофиқ 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 апрелга қадар Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда Электр энергетикада назорат инспекцияси томонидан истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишмасдан тадбиркорлик субъектларини уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича текширишга рухсат берилди.
Мазкур қарорга кўра, «Ўзэнергоинспекция» томонидан электр таъминоти корхоналари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда жойларда назорат тадбирлари ташкил этилмоқда.
12-13 декабрь кунлари ўтказилган назорат тадбирлари натижасида ҳудудларда 192 та истеъмолчи томонидан 6,8 миллион кВт.соат миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, энергетика тизимига жами 3,1 миллиард сўм қийматда зарар келтирилганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўрта ҳисобда 34 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенгдир.
Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи – Андижон, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида аниқланди.
ЎзА