Сўнгги бир ҳафта ичида дунёда 2.5 миллиондан ортиқ коронавирус билан касалланиш ҳолати ва 64 мингдан ортиқ ўлим рўйхатга олинди, дея хабар қилди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.
"Ўтган ҳафтада касаллик ва ўлимларнинг глобал сони камайиши кузатилди. Инфекция юқтириш кўрсаткичи Жануби-Шарқий Осиёда (26 фоизга), Европада (12 фоизга) ва Тинч океанининг ғарбий қисмида (9 фоизга) сезиларли равишда пасайган. Бу минтақаларда ўлим даражаси ҳам камайгани кузатилган.
Аммо сайёрамизнинг айрим минтақаларида пандемия билан боғлиқ вазият ҳамон кескинлигича қолмоқда. Масалан, Aфрикада беморларнинг ҳаётдан кўз юмиш ҳолатлари 38 фоизга ортган. Шарқий Ўрта ер денгизи минтақасида эса бу кўрсаткич 2 фоизга кўпайган, дейилади ташкилот COVID-19 бўйича эълон қилган ҳафталик ҳисоботида.
ЖССТ маълумотларига кўра, янги коронавирус турлари бутун дунёга тарқалишда давом этмоқда. Масалан, Буюк Британияда 2020 йил сентябрь ойида биринчи марта аниқланган Aльфа варианти ҳозирда 170 мамлакатда мавжуд. Бразилияда сентябрь ойида илк бор қайд этилган Гамма варианти мамлакатнинг барча штатига тарқалиб улгурди. 2020 йил октябрь ойида ҳиндистонлик вирусологлар томонидан аниқланган Делта штамми тарқалган мамлакатлар сони эса бугун 85 тага етди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, вакцина ва ижтимоий чора-тадбирлар вирусни назорат қилишда ҳамон энг самарали восита бўлиб қолмоқда.