Бугун АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов қурилиш материаллари экспорти ҳақида маълумот берди.
Унда қайд этилганидек, 2024 йилда соҳа корхоналарига 1,1 миллиард доллар миқдорда қурилиш материаллари ва хизматларини экспорт қилиш режа кўрсаткичлари белгиланган. Жумладан, январь-июль ойлари учун 416,6 миллион доллар миқдорида экспорт қилиш режалаштирилган эди.
Жорий йилнинг январь-июль бўйича олинган тезкор маълумотларга кўра, ўтган 7 ойда тармоқ корхоналари томонидан 453,4 миллион доллар миқдорида қурилиш материаллари ва хизматлари экспорти амалга оширилиб, белгиланган режа 108,8 фоизга бажарилган.
– Таъкидлаш керакки, юқоридаги экспорт кўрсаткичларга 138,8 миллион долларлик металл буюмлар, 62,5 миллион долларлик ПВХ профиль, труба ва фитинглар, 41,9 миллион долларлик гулқоғоз, 34,6 миллион долларлик керамик плитка ва керамика буюмлари, 29,3 миллион долларлик қуруқ қурилиш қоришмалари, 26,1 миллион долларлик алюмин профиль ва панеллар, 21,5 миллион долларлик табиий пардозбоп тошлар каби қурилиш материаллар экспорт қилиш ҳисобига эришилди.
Шунингдек, экспорт кўламини кенгайтириш, янги ҳамкорларни топиш мақсадида маҳаллий тадбиркорлар ва уюшма мутахассислари Афғонистон, Хитой, Тожикистон, Чехия, Озарбайжон каби давлатларда ташкил этилган халқаро кўргазмаларда иштирок этди.
Эътиборли жиҳати, аксарият қурилиш материаллар бўйича тармоқда янги қувватларнинг яратилиши ва модернизация қилиниши, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда янги корхоналарнинг экспортга жалб қилиниши ҳисобига баъзи турдаги қурилиш материаллари экспортини бир неча баробарга оширишга муваффақ бўлинди.
Мисол учун, 2023 йилга нисбатан иссиқлик сақловчи материаллар 5,5 баробарга, табиий пардозбоп тошлар 1,6 баробарга, металл буюмлар 1,5 баробарга, ойна маҳсулотлари 1,2 баробарга кўп экспорт қилинди.
Жорий йилнинг ўтган ҳисобот даврида қурилиш материаллари экспорти географияси анъанавий ҳисобланган бозорлар, яъни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистондан ташқари Кипр, Жанубий Африка каби давлатлари ҳисобига кенгайтирилди.
Қурилиш материалларининг асосий экспорт бозорлари бу қўшни республикалар ҳисобланиб, ушбу давлатларнинг умумий экспортдаги улуши қарийб 54 фоизни ташкил этмоқда. Хусусан, давлатлар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, Россияга 119,3, Қозоғистонга 105,7, Тожикистонга 58,2, Қирғизистонга 50,3, Беларусьга 17,3, Туркманистонга 10,9, Озарбайжонга 9,2, Литвага 6,7, Хитойга 5,1, Латвияга эса 4,2 миллион долларлик қурилиш материаллари экспорти амалга оширилган, – деди Ж.Шерметов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА