Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтган даврда 514 миллион доллардан ошиқ электротехника саноати маҳсулотлари экспорт қилинди
18:54 / 2022-09-07

Мамлакатимизда жорий йилнинг ўтган 8 ой давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 12 трлн. сўмни ташкил этади. Экспорт ҳажми эса 514,0 миллион доллардан ошган.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп. Ҳудудларда 23 та лойиҳа ишга туширилди. Бундан ташқари, маҳсулотларнинг экспорт географияси ҳам кенгайтирилди. “GSP+” имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Европанинг Буюк Британия, Руминия, Славения, Чехия, Австрия ва Венгрия давлатларига, шу билан бирга, Ироқ, Ливан, Монголия ҳамда Маврикий ва Фиджи оролларига тарихда биринчи марта электротехника маҳсулотлари экспорт қилинди.

«Ўзелтехсаноат» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толиповнинг маълум қилишича, жорий йилда Россиянинг «Элдарадо», «М-Видео», «ДНС Атлас», Франциянинг «Ашан» ҳамда Қозоғистоннинг «Сулпак» ва «Технодом» йирик савдо тармоқлари ташкил этилди ва маҳаллий маҳсулотларни экспортга олиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди.

Аввал экспорт фаолияти билан шуғулланмаган Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги 11 та корхона илк маротаба ўз маҳсулотларини экспортга олиб чиқишга эришди.

Яна бир маълумот, ҳозирда 3 та йирик кластерни амалга ошириш бўйича ишлар бошланган. Жумладан, мис саноати, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда инновацион фаолият йўналишида кластер ташкил этилади. Шунингдек, «Ўзелтехсаноат» уюшмаси ҳузурида «Лойиҳалаштириш ва инжиниринг хизматини ташкил этиш маркази» ҳам ўз ишини давом эттирмоқда. Давлатимиз томонидан соҳа корхоналарини қўллаб-қувватланиши ва уларга қонунчиликдаги ҳуқуқий кафолатларнинг берилиши тармоқни иқтисодий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин. Бу ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун, ҳам хорижий инвесторлар учун ўзаро манфаатли ҳисобланади.

Яна бир маълумот, 4 та йирик ишлаб чиқарувчилар қошида “R&D” марказларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 20 млрд. сўмни ташкил этади. Шундан биринчи тенг қисми (10 млрд. сўм) корхона ҳисобидан, иккинчи тенг қисми (10 млрд. сўм) Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

Соҳадаги истиқболли изланишларни муттасил давом эттириш, сифатли, энергия тежамкор, атроф-муҳит учун хавфсиз ҳисобланган технологиялардан фойдаланиш долзарб вазифа ҳисобланади. Бу мақсадларга эришиш учун фақатгина мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш зарур.

Ш. Маматуропова, ЎзА