Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўтган биринчи ярим йилликда мамлакатимиз бўйича хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 1,7 баробар ошган
19:08 / 2024-08-31

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассисларининг таҳлилига кўра, 2024 йилнинг январь-июнь ойларида республика бўйича асосий капиталга инвестициялар ҳажми 229,3 триллион сўмга етган. Бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробар кўп. Хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми эса 1,7 баробар ошган ва 157,6 триллион сўмга тенг бўлган.

Шунга қарамай, ҳудудлар миқёсида инвестицияларнинг тақсимланишида тафовутлар сақланиб қолмоқда.  

Масалан, асосий капиталга инвестициялар ҳажми бўйича республика миқёсидаги юқори ва қуйи ўринларни эгаллаган уч ҳудуд ўртасидаги фарқ жорий йилнинг январь-июнь ойларида қарийб 4,4 баробарни, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича эса 3,8 баробарни ташкил этди.

Аксарият ҳудудларда асосий капиталга инвестициялар бўйича меъёр кўрсаткичга қараганда юқори қийматлар сақланиб қолмоқда. Бу борада Бухоро, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари бошқаларга нисбатан ажралиб турибди. Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида эса меъёрдаги кўрсаткичга яқин қийматлар қайд этилган.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар бўйича Андижон вилоятида меъёрдагидан пастроқ, Навоий ва Самарқанд вилоятларида меъёр кўрсаткичига яқин қийматлар қайд этилган. Бухоро, Наманган, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида эса меъёрдагидан анча юқори натижалар кузатилган. Тошкент шаҳрида эса бу миқдор анча паст бўлган, дейилади таҳлилда.

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА