Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлигида ўтказилган вазирлик фаолиятига доир ҳисобот – 2021 йил натижалари, жорий йил режалари юзасидан матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, 2021 йилда республикада 8 минг 849 та (190 та давлат, 8 539 та оилавий ва ДХШ асосидаги 120 та нодавлат МТТ) мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйилиши натижасида болаларнинг мактабгача таълим билан қамрови 6,1 фоизга оширилди.
Мактабгача таълимнинг ҳудудий бошқарув органлари билан биргаликда тунги сменада ишловчи аёлларнинг фарзандлари учун 24 соатлик гуруҳларни ташкил этишга бўлган ҳақиқий эҳтиёж 6 минг 196 та давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги 980 минг 325 нафар болаларнинг қонуний вакиллари ўртасида сўровномалар ўтказиш орқали ўрганиб чиқилди.
Сўровномалар натижасига асосан, жорий йилнинг 1 июнь кунидан бошлаб республиканинг 5 та ҳудудида жумладан, Андижон вилоятида – 25 та, Бухоро вилоятида – 10 та, Жиззах вилоятида – 4 та, Навоий вилоятида – 4 та, Хоразм вилоятида – 5 та, жами 48 та 24 соатлик гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кунда республикада жами 27 минг 103 та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг 6 минг 387 таси давлат ва 20 минг 716 таси нодавлат (774 та хусусий, 18 797 та оилавий ва ДХШ асосидаги 1 минг 145 та нодавлат МТТ) мактабгача таълим ташкилотларидир.
Мактабгача ёшдаги 2,9 миллион нафар боладан 1,9 миллиони ёки 67 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган бўлса, уларнинг 566 минг 996 нафарини яъни 82 фоизини 6 ёшли болалар ташкил этмоқда.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларининг хавфсиз ва оқилона овқатланишини ташкил этишга қўйиладиган гигиеник талаблар ҳамда санитария қоида ва меъёрлари қайта кўриб чиқилиб, Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди.
Мактабгача таълим тизимидаги давлат-хусусий шериклик ва оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича йўриқнома ҳамда «Мактабгача таълим ёшидаги болалар учун мавсумий таомнома»лар ишлаб чиқилди.
Мактабгача таълим ташкилотлари учун «Ақлвой-ошпаз» номли рецептлари китоби ишлаб чиқилди. Рецептлар китобига киритилган таомлар учун технологик карталар асосида таомларни тайёрлаш жараёни тажрибадан ўтказилди. Икки юз элликдан ортиқ таомларни тайёрлаш технологиялари, сифат характеристикалари янгитдан ёзиб чиқилди.
Мутасаддаларнинг сўзларига кўра, жорий йилда болаларни мактабгача таълимга қамровини 70,7 фоизга етказиш режалаштирилган.
Моҳигул Қосимова, ЎзА