АОКА да Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятларда ҳимоя қилиш, фуқаро муҳофазаси ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилишича, ўтган 2023 йил давомида аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш йўналишида 74 та сув ва сел-сув омбори, 47 та гидроэлектростанциянинг барқарор, хавфсиз ишлаши ва техник ҳолати ўрганиб чиқилган. Республиканинг сел келадиган хавфли ҳудудларида дарё ва сойларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш, ўзанларини тозалаш ишлари амалга оширилиб, 2 миллион 794,7 минг м3 тупроқ, 305 596,9 м3 тош, 40 720,6 м3, бетон ишлари бажарилган.
Тоғли ҳудудларда қор захиралари ва баланд тоғлардаги кўлларнинг ҳолатини баҳолаш, қор кўчкиси ва сел хавфи мавжуд ҳудудларни аниқлаш бўйича аеровизуал кузатувлар амалга оширилиб, хавфли ҳудудларда жамоатчилик вакилларидан иборат 146 та назорат-кузатув постлари ташкил этилган.
Амалга оширилган ишлар натижасида табиий фавқулодда вазиятлар сони 44 тага (34%) камайишига эришилган, жумладан, кўчки 100 фоиз, сел тошқинлари 50 фоиз, табиий газдан заҳарланиш 81 фоиз, ис газидан заҳарланиш 7 фоиз, сув билан боғлиқ ҳодисалар 33 фоизга камайган.
Жорий йилда республикада юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларнинг олдини олиш, содир бўлганда уларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш, шунингдек аҳоли ва раҳбарлар таркибини фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга тайёрлаш мақсадида ФВДТ нинг 2024 йил учун вазифалари белгиланган.
Хусусан, аҳоли ва ҳудудлар хавфсизлигига таҳдид, табиий ва техноген хусусиятли хавфли манбалар ҳисобга олинган ҳолда, туманлар ва шаҳарлар миқёсида кучлар ва воситаларни самарали тақсимлаш, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилганда ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатувчи ФВДТ хизматларининг тезкор ҳаракатини мувофиқлаштириш механизми янада такомиллаштирилади. Фавқулодда вазиятлар рўй бериш хавфини барвақт аниқлаш бўйича мониторинг, таҳлил ва прогноз қилиш тизими янада кучайтирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА