Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ОТБ билан 100 миллион долларлик кредит келишуви имзоланди
22:58 / 2025-11-18

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг Осиё тараққиёт банки Президенти Масато Канда билан учрашувида 30 йиллик ўзаро самарали муносабатлар, ҳамкорлик натижалари қайд этилиб, келгуси режалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, шериклик транспорт, энергетика, сув таъминоти, таълим, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон томони аҳолининг турмуш сифатини оширишга қаратилган лойиҳалардаги кўмаги учун ОТБга миннатдорлик билдирди.

Мулоқот давомида 2026 йил май ойида Самарқандда ўтадиган ОТБ Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилишига тайёргарлик мавзуси ҳам кўтарилди. Ушбу жараённи мувофиқлаштириш учун қўшма йўл харитасини тасдиқлаш таклиф этилди.

Шунингдек, молиялаштириш механизмини такомиллаштириш, иқтисодий ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, аёллар ва ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлаш, экспортга йўналтирилган корхоналарни рағбатлантириш каби ўрта муддатли ташаббуслар кўриб чиқилди.

Томонлар 2026-2030 йиллар учун янги Ҳамкорлик дастури бўйича ҳам фикр алмашдилар.

Учрашув якунида мактабларда STEM тизимига асосланган таълимни модернизация қилишга қаратилган “Ўрта таълимда STEM” лойиҳаси учун 100 миллион долларлик кредит келишуви имзоланди.

Гўзал Сатторова, ЎзА