Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Отажон оғанинг икки ўгити
17:48 / 2024-10-03

Отажон Худойшукуров таваллудининг 80 йиллигига

Инсон ҳаётида шундай воқеалар бўлади-ки, улар киши дунёга келганиданоқ унга ҳамроҳ бўлади. Улар йиғилиб, жам бўлиб инсон ҳаётини таъминловчи борлиққа айланади. Дейлик замин, ҳаво, осмон, само, юлдузлар... Хоразмликлар учун мана шу саноққа ҳеч иккиланмай мусиқа, қўшиқ санъати ва лазгини киритса бўлади. 

Агар осмон жисмларининг маркази бизнинг тушунчамизда, албатта, қуёш бўлса ва қолган барча юлдузлар унинг атрофида айланса, Хоразм санъатининг ҳам ўз юлдуз, қуёши бор. Отажон Худойшукуров Хоразм санъатининг бир вақтнинг ўзида ҳам юлдузи, ҳам қуёши эди. 

У ўзининг илоҳий иқтидори, энг асосийси улкан, денгиздай қалби ва самимияти билан атрофида юлдузлар айланадиган Хоразм санъатининг қуёшига айланган эди. Юксак иқтидор эгаси, яқин ва узоқ элу элат ва миллатлараро машҳурлигига қарама-қарши ўлароқ жуда оддий ва жуда самимий инсон эди. 

Хоразм телевидениесида ишлаб юрган вақтларимда “ШАХС” номи билан эфирга узатиладиган муаллифлик кўрсатувим бор эди. Навбатдаги кўрсатувлардан бири учун Отажон оға билан суҳбатни видеотасмага ёзиб олдик. Студияга келиб суҳбатни қайта кўриб чиққанимда Отажон оғанинг инсон ва санъаткор сифатидаги ўзига хос хусусиятларини кўнгилдагидек очиб беролмаганимни ҳис қилдим. Кўрсатувга нимадир етишмаётган эди. Бироқ, нималигини ўшанда аниқ била олмадим. Билганим, кўрсатув Отажон оғанинг шаънига яраша эмас, оддийгина навбатдаги суҳбатлардан бири бўлиб қолган эди. Шунинг учун кўрсатувни қайта ёзишга қарор қилдим. Аммо, ҳаётда ҳамиша бизнинг истаганимиз бўлавермайди. Ўша кезларда ҳофиз ҳаётида кетма-кет кўнгилсизликлар бўлди. 

Орадан йиллар ўтиб ўша биринчи суҳбатимизни қайта кўрар эканман кўрсатув дурустгина чиққанлигини англадим. Ўша суҳбатни қайта-қайта тинглар эканман Отажон оға худди бугунги кунни кўриб ёш санъаткорларга ўгит айтаётгандай туюлади. 

Санъат, санъаткор ҳақида сўраганимда Отажон оға: – Ҳақиқий санъаткор ҳеч қачон, ҳеч қандай “изм”ларга хизмат қилмайди. Ҳақиқий санъат ва санъаткор ҳамиша халққа хизмат қилади, ҳар қандай тузумлар ўткинчи ва халқ мангу яшайди. Шунинг учун ўзини халқ билан бир бутун ҳис қилган санъаткоргина ҳақиқий санъаткордир”, – деган сўзлари қулоғим остида жаранглайвергандек бўлади. 

Ижод моҳияти ҳақида гап кетганда эса ижоднинг моҳияти унга ўзингни бахш этишдир. “Мен қўшиқ айтганимда дунёни унутиб айтаман ва ҳамиша қўшиқни ўзим учун айтаман!”, – деган эди. 

Шуҳрат Маткаримов, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.