Сайхунобод тумани аҳолиси учун ўтаётган 2025 йил мазмун-моҳияти, амалий натижалари билан ҳақиқатан ҳам эсда қоларли бўлмоқда. Иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш билан бир қаторда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, бандликни кенгайтириш ҳамда камбағалликни қисқартириш масалалари маҳаллий ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар фаолиятининг устувор йўналишига айланди.
Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 14 март куни Сирдарё вилояти, жумладан, Сайхунобод туманига ташрифи давомида аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, даромадларни ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича берган топшириқлари ижроси изчил таъминланди. Ана шу вазифалар асосида ишлаб чиқилган манзилли дастурлар ва чора-тадбирлар қисқа фурсат ичида ўз самарасини бермоқда.

Натижада, ўтаётган 2025 йил давомида туманда 14,2 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди, 4 627 нафар фуқаро камбағалликдан чиқарилди. Ҳисобот даври якунига кўра, ишсизлик даражаси 5,5 фоизни ташкил этди.
Бандликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида 685 та яширин иш ўрни легаллаштирилди, 989 нафар фуқаро касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитилди. Шу билан бирга, 61 нафар хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаро касб ва чет тилларига мақсадли тайёрланди. Хорижий меҳнат бозорига чиқишни қўллаб-қувватлаш мақсадида 94 нафар номзод хорижий иш берувчилар талабига мос ҳолда танлаб олиниб, “Хорижда иш” платформасига киритилди, 120 нафар фуқаро хорижга ташкиллаштирилган тартибда ишга юборилди.

Муҳожирликдан қайтган аҳоли билан ишлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 359 нафар кам даромадли мигрант қайтарилиб, доимий иш билан таъминланди. Шунингдек, 885 нафар камбағал аҳолига индивидуал ёндашув асосида ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатилди, 370 нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги таъминланди.
Ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам аниқ натижаларга эришилди. Жумладан, ижтимоий аҳволи оғир бўлган 23 нафар ёшга “Ёшлар дафтари” орқали ёрдам кўрсатилди. 88 нафар лидер тадбиркор аёлларга эҳтиёжманд хотин-қизлар бириктирилиб, уларни даромад топишга ўргатиш тизими йўлга қўйилди. Шу билан бирга, 89 нафар боқувчиси бўлмаган хотин-қизларга кўмак берилди, 306 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Маҳаллалардаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида бўш турган бино ёки ер участкаси негизида “Хотин-қизлар бандлиги ва саломатлиги маркази” ташкил этилди. Ушбу марказ хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий фаоллигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қисқаси, Сайхунобод туманида ўтаётган 2025 йил аҳолининг турмуш сифати яхшиланган, бандлик кўлами кенгайган, ижтимоий ҳимоя ва ғамхўрлик амалда сезиларли бўлган йил сифатида тарихда қолмоқда.

– Албатта, бу борада олдимизда турган вазифалар ҳали кўп, – дейди Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажонов. – Аҳолининг даромадларини ошириш, камбағалликдан чиқариш, айниқса, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифасига айланган. Биз бу масалага фақат рақамлар нуқтаи назаридан эмас, балки ҳар бир оила тақдири мисолида, манзилли ёндашув асосида ёндашмоқдамиз.
Туманимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларига қаратилган бўлиб, ҳар бир яратилган иш ўрни, ҳар бир қўллаб-қувватланган оила ортида аниқ натижа ва ижтимоий барқарорлик мақсади мужассам. Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорликка жалб этиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари ҳам доимий эътиборимиз марказида. Бу борада маҳаллалар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, бўш турган бинолар ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш орқали янги иш ўринлари яратиш устувор вазифамиз бўлиб қолади. Келгусида ҳам аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, барқарор даромад манбаларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади. Асосий мақсадимиз — ҳар бир оилада барқарор даромад манбаи яратиш, ҳар бир ёшнинг ўз ўрни ва муносиб келажаги бўлишига эришишдир.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири