27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида «Ўзбекистон овози» таҳририятида узоқ йиллар меҳнат қилиб, бугун кексалик гаштини сураётган отахон-онахон журналистларнинг ижодий учрашуви бўлиб ўтди.
Ўз вақтида сўзнинг кучи, қудрати билан матбуотнинг жамиятдаги ўрнини яққол кўрсата олган фахрий журналистларнинг ижодий учрашувида таҳририятда кечган фаолият билан боғлиқ ёрқин хотиралар ёдга олинди, турли мавзуларда фикр алмашилди, ҳозирги матбуотнинг ютуқ ва камчиликлари таҳлил этилди.
Сўзда улкан қудрат борлиги рост. Қолаверса, ижодкор ўз шахсияти, фазилатлари билан ҳам ёш авлодга ўрнак бўлади. Таҳририятда кўплаб шундай инсонлар фаолият юритган. Устоз ижодкорлар Ҳайдар Носиров, Эркин Хўжаев, Марила Хўжаева, Нигора Азимова, Ҳамид Султонов, Салоҳиддин Муҳиддиновнинг ижод мактаби ёшлар учун намунадир.
— Бугунги йиғилиш хайрли ўтди, десак бўлади. Сабаби, шу ерда ўтирганларнинг аксарияти ажойиб инсон, ижодкор, муҳаррир Мақсуд Қориев даврида меҳнат қилган, — деди Ҳайдар Носиров. — Ўз вақтида газета жуда катта нусхада чоп этилган. Унинг таъсирчан, ўқимишли бўлишида забардаст журналистларимизнинг ҳиссаси катта. Уларнинг бой тажрибаси бугунги ёшлар учун ҳар жиҳатдан ўрнак.
Фахрий устозлар иштирокидаги бундай маънавий-маърифий тадбирлар эл-юртимиз ҳаётида гўзал анъанага айланди. Суҳбатларда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани бот-бот таъкидланди.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА