Мамлакат ўсиб, мустаҳкамланиб ва минтақавий ва глобал етакчилик йўлига тушиб олгани боис, Туркия ҳукумати ёшларга барча имкониятларни тақдим этишда давом этаверади. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 19 май куни нишонланадиган «Отатурк хотираси, ёшлар ва спорт куни» муносабати билан баёнот берди.
Давлат раҳбари «турк ёшлари нафақат ўз миллати фаровонлиги йўлида, балки бизнинг мамлакатга умид нигоҳи билан боқаётган дунёдаги эзилганлар учун ҳам ҳаракат қилади», дея ишонч билдирди.
Президент Эрдўғоннинг таъкидлашича, Туркия ёшлари мамлакат тараққиётига беқиёс ҳисса қўшмоқда ҳамда миллий ва халқаро майдонда ўзларининг ютуқлари билан иштирок этмоқда.
«Ёшлар биз барча соҳаларда - таълимдан тортиб то иш фаолияти, санъат ва спорт соҳаларида тақдим қилинаётган имкониятлардан максимал даражада фойдаланишларига умид қиламиз», деди президент Эрдўғон.
19 май куни Туркияда Отатурк хотираси, ёшлар ва спорт куни (Atatürkʼü Anma, Gençlik ve Spor Bayramı) нишонланади. Бу сана 1919 йил 19 май куни миллат етакчиси Мустафо Камол Отатуркнинг Самсун шаҳрида ёшлар билан учрашуви шарафига таъсис этилган. Ўшанда нутқ сўзлаган Отатурк ёшларни босқинчиларга қарши курашга даъват қилган эди. Унинг фикрича, миллий озодлик ҳаракатининг асосини мамлакат ёшлари ташкил қилиши керак эди.
Айнан 1919 йилнинг 19 майи Туркия мустақиллиги учун бошланган кураш санаси сифатида кўрилади. Чунки, Мустафо Камол Отатуркнинг қачон туғилгани хақида аниқ маълумот йўқ. Унинг 1880 ёки 1881 йилларда туғилгани айтилади. Кейинчалик у туғилган куни сифатида Туркия мустақиллиги учун кураш бошланган сана – 19 майни танлади.
Байрам илк бор 1935 йилнинг 24 май куни «Отатурк куни» сифатида нишонланган эди. Ўша куни Истанбулда Ғалатасарой ва Фенербахча футбол жамоалари бошқа спортчилар билан биргаликда спорт кунини нишонлаганди. Бир ойдан сўнг ўтказилган Спорт конгрессида «Отатурк куни»ни «Ёшлар ва спорт байрами» дея нишонлаш борасида таклиф берилди. Конгресс бу таклифни қўллаб-қувватлади. 1938 йил 20 июнь куни «Ёшлар ва спорт куни» байрами тўғрисида қонун қабул қилинди. Ўшандан кейин ҳар йил 19 майда «Ёшлар ва спорт куни» нишонланиб келинарди. 1980 йил 12 сентябрь куни юз берган тўнтаришдан сўнг байрам «Отатурк хотираси, ёшлар ва спорт куни» (Atatürkʼü Anma, Gençlik ve Spor Bayramı) дея қайта номланди.
Анъанага кўра, 19 май куни Туркия бўйлаб спорт тадбирлари бўлиб ўтади. Шаҳар кўчалари миллий байроқлар ва Отатурк суратлари билан тўлиб кетади. Тантаналар маркази Самсун шаҳри бўлади. Коронавирус пандемияси боис бу йилги тадбирлар карантин чекловларига амал қилинган ҳолда ўтказилди.
Мустафо Камол Отатурк Туркия жумҳурияти асосчиси сифатида кўрилади. Унинг исми шарифи жаҳон тарихидаги 100 нафар нуфузли арбоб рўйхатига киритилган.
Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА