Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Отасига муносиб издош
13:49 / 2023-04-26

Давлатимиз раҳбари – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан жорий йилнинг март ойида “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармон имзоланди.

Мазкур ҳужжат билан Ватан ҳимояси, эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзолари ҳамда уларнинг қарамоғидаги шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик қилиш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш мақсадида уларга бир қатор имтиёз ва кафолатлар берилди. Бу эса ўз навбатида қаҳрамонларнинг номи ҳамиша барҳаётлиги, уларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандлари доимий эътиборда эканининг ёрқин ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.  

Болалигидан ана шундай юксак ғамхўрлик ва эътиборни ҳис қилиб келаётган ўғлонлардан бири – қаҳрамон чегарачи катта лейтенант Шуҳратбек Собировнинг фарзанди, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм гуруҳ командири лейтенант Шоҳжаҳон Собировдир.   

Отамни суратлари орқали танийман   

1998 йил 10 октябрь. Андижон вилоятининг Избоскан туманида Шуҳратбек ва Дилафрўз Собировлар хонадонида ўғил фарзанд дунёга келди. Ёш оила бобоси Сотқинбой ота ва бувиси Муҳтарамхон ая билан маслаҳатлашган ҳолда чақалоққа Шоҳжаҳон деб исм қўйишди. Отаси Шуҳратбек Шоҳжаҳонни жуда яхши кўрар, ҳарбий бўлгани учун кўпинча банд бўлишига қарамай, бўш вақт топди дегунча ўғлининг ёнига шошар, у билан сайр қилар ва эринмай ўйнатиб бу бахтиёр онлардан ниҳоятда масрур юрар эди. Аммо, тақдирни қарангки ота-боланинг масрурлик онлари узоққа чўзилмади...  

2000 йил 17 август куни Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси, катта лейтенант Шуҳратбек Собиров мамлакатимизга суқилиб кирган жангарилар тўдасига қарши олиб борилган жанг вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлди.  

– Ўшанда мен ҳали икки ёшга тўлмаган гўдак эдим, – дейди Шоҳжаҳон Собиров. – Шу сабаб отамни суратлари орқали, бобом, бувим ва онамнинг ҳикоялари орқали танийман. Мени кўтариб тушган суратлари бор, жуда қадрли бўлгани учун уни ҳамиша ёнимда олиб юраман. Ўзи ҳарбийлик соҳасини танлашнинг масъулияти ва машаққати ҳам шунда. Ватанга қасамёд қилдингми, унинг тинчлиги ва ҳимояси йўлида ҳар лаҳза жонингни тикишга тайёр туришинг керак. Эсимни танибманки, отамга ўхшашга, унинг муносиб издоши бўлишга интиламан.  

“От изини той босар” деганларидек, болалигидан қаҳрамон чегарачининг ўғли эканини ҳис қилиб катта бўлган Шоҳжаҳон Избоскан туманидаги отаси таҳсил олган 17-сонли умумтаълим мактабида ўқиди. Мазкур таълим даргоҳига қўйилган катта лейтенант Шуҳратбек Собировнинг бюсти ва ташкил этилган хотира бурчаги қаҳрамонимизнинг қалбига алланечук шижоат бағишлаб, уни яхши ўқишга ундар, гўё отаси мактаб ҳовлисидан туриб унинг натижалари, эришаётган ютуқларини кузатиб тургандек бўларди. Қаҳрамонимиз тарих, физика, кимё ва биология фанларини яхши ўзлаштиргани боис фан олимпиадаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритади. Ушбу қизиқишлар сабаб у аввал Избоскандаги кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактаб интернатида, сўнг эса Андижон туманининг Андижон қишлоқ хўжалиги институти қошидаги академик лицейда аниқ фанлар йўналишида таҳсил олади. Шижоатли, тиниб-тинчимас ўғлон тумандаги спорт клубига ҳам қатнаб, мураббийи Машҳурбек ака ёрдамида кикбоксинг спорт тури билан шуғулланишни ҳам канда қилмайди.  

Ота касб... Болалигидан ҳарбий либос кийишни орзу қилган Шоҳжаҳон 2017-2021 йилларда отаси таҳсил олган Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртининг “Ҳаво десант қўшинлари тактик қўмондонлиги” факультетида устозлари подполковниклар Ҳайдар Қосимов ва Баҳром Муҳиддиновлар кўмагида соҳанинг сир-асрорларини ўрганди. 2021 йилда дастлабки “лейтенант” ҳарбий унвонини олгач, ДХХ Чегара қўшинларида айнан отаси Шуҳратбек Собиров хизмат қилган Бўстонлиқ туманидаги ҳарбий қисмда гуруҳ командири лавозимида ўз хизмат фаолиятини бошлади.  

– Шу кунга қадар менинг улғайишим, отам юрган издан бориб, у таълим олган ҳарбий билим юртида ўқишим ва бугунги кунда офицер сифатида шаклланиб, айнан отам хизмат қилган ҳарбий қисмда фаолият олиб боришимда яқинларим билан бир қаторда, Давлатимиз раҳбари – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг, Давлат хавфсизлик хизмати ва Чегара қўшинлари раҳбарияти ҳамда отамнинг сафдошлари ва албатта, ўз сафдошларимнинг ҳиссаси катта, – дейди қаҳрамонимиз. – Қолаверса, мен ҳамиша бувижоним Муҳтарамхон аянинг метин иродаларидан куч-қувват олганман. Чунки уларнинг на сўзларида, на нигоҳларида ўғлим ҳалок бўлдику, набирамдан ҳам айрилиб қолмайин деган ҳадикни кўрмаганман. Тўғриси, бувим менга Иккинчи жаҳон уруши йилларида 5 нафар фарзандини матонат ва сабот билан фронтга юборган Зулфия ая Зокирова сиймосини эслатади. Табиийки, мен ҳам бундай буюк ирода соҳибасига муносиб набира бўлишга ҳаракат қилиб келяпман.  

Дарҳақиқат, лейтенант Шоҳжаҳон Собиров хизмат фаолиятини бошлаган чоғиданоқ синчковлиги, зийраклиги ва масъулияти билан ўзининг касбий салоҳиятини намоён этиб, эришган натижалари, намунали ҳарбий интизоми, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси дахлсизлигини таъминлашдаги фаол иштироки ҳамда топширилган вазифаларни бажаришда кўрсатаётган юксак маҳорати ва ташаббускорлиги учун ДХХ раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланган. 2023 йилнинг 13 март санаси лейтенант Шоҳжаҳон Собиров ва унинг бувиси Муҳтарамхон ая ҳаётида унутилмас кун бўлди.  

– Давлатимиз раҳбари билан Термиз шаҳридаги ДХХ Чегара қўшинларининг “Ёш чегарачилар” ҳарбий академик лицейида кўришиб суҳбатлашиш бахтига мушарраф бўлганимиздан бошимиз кўкка етди, – дейди Шоҳжаҳон. – Шу куни қаҳрамонларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имзолаган фармонлари ҳақида бизга сўзлаб бердилар. Тадбирда иштирок этган барча қаҳрамонларнинг яқинлари қаторида мен ҳам уларга ўз миннатдорлигимни билдириб, томиримда қаҳрамон чегарачи Шуҳратбек Собировнинг қони оқар экан, ҳамиша унга муносиб бўлишга, “отамнинг ўғли” эканимни исботлаб, юрт тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида хизмат қилишга ва бу йўлда керак бўлса ҳатто жон фидо қилишга тайёр эканимни билдирдим. Ўша дамда қалбимда кечган ҳаяжон ва ғурур ҳисларини ҳозир сўз билан ифодалашим қийин.  

Шоҳжаҳон оилали. Турмуш ўртоғи Мафтуна тиббиёт соҳасида фаолият юритади. Улар биргаликда ўғиллари Довудбекни тарбиялашмоқда. Ёш оила фарзанларининг келгусида эл корига ярайдиган, ватанпарвар инсон бўлиб улғайишини истайди. Қолаверса, оила бу – эр киши зиммасидаги муҳим масъулият эканини яхши англаган қаҳрамонимиз ҳамиша оиласига тиргак, муносиб турмуш ўртоқ ва ота бўлишга интилиб келмоқда. Биз қаҳрамон чегарачининг фарзанди Шоҳжаҳон Собировга сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида олиб бораётган жанговар хизмат фаолиятида улкан зафарлар тилаб, отаси изидан бораётган ана шундай забардаст ўғлонлар, муносиб издошлар сафининг янада кенгайиб боришига тилакдошмиз.  

Нилуфар Бозорова,  

ЎзА мухбири